Жаҳон | 01:51 / 16.08.2019
13764
2 дақиқада ўқилади

Португалияда дунёдаги энг йирик қурол савдогарларидан бири қўлга олинди

Фото: Fotolia

Халқаро қидирувда бўлган, дунёдаги энг йирик қурол савдогарларидан бири бўлган бельгиялик Жак Месье Португалияда қўлга олинди. Месье охирги 30 йил ичидаги деярли барча йирик ихтилофлар иштирокчиларига қурол етказиб беришга алоқадор ҳисобланади. Бельгия ҳукумати унинг экстрадициясини сўрамоқчи.

“Маршал” ва “Тулки” лақаблари билан маълум бўлган Месье аввал автоматик қурол, зирҳли техника, вертолётлар ва ихтилофларда қўлланувчи бошқа анжомларни ноқонуний етказиш ва Ливия, Чад, Покистон ва Эронга қурол етказиш иши бўйича 4 йиллик жазо муддатига ҳукм қилинган. Бироқ у ҳукм чиқарилгандан кейин яширинишга муваффақ бўлган. 

Жиноятчи Португалия полицияси томонидан Эвора шаҳридаги виллада ушланган. Бунга Франция, Бельгия ва Португалия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги эвазига муваффақ бўлинган.  

Қуролфуруш Франциядаги вилласидан Португалияга отларни ташиш учун хизмат ҳақини тўламаганликда қўлга тушган. Бу терговчиларга унинг ортига тушишга имкон берган.

Бельгия ОАВда таъкидланишича, Месье узоқ 1980-йилларда Эронга Ироқ билан уруш вақтида қурол етказиб берганликда гумон қилинган.

Soir нашри маълумотларига кўра, 66 ёшли Месье 16 августда суд олдида жавоб бера бошлайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш