Ўзбекистон | 14:55 / 17.08.2019
4499
5 дақиқада ўқилади

Парламентда ахборот тарқатиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ҳолати муҳокама қилиниши ражалаштирилмоқда

Фото: parliament.gov.uz

2019 йил 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқовнинг «Ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги масалага бағишланган парламент эшитувини ўтказиш ҳақидаги масала депутатларнинг диққат марказида бўлди. 

Шу боис, ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари депутатларидан иборат Демократик кучлар блоки ташаббуси билан ташкил этилиши режалаштирилаётган мазкур парламент эшитуви кун тартибида белгиланган долзарб мавзу муҳокамаси қизғин кечди. Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамият ҳаётининг турли жабҳаларини такомиллаштириш учун улкан имкониятлар яратиб бермоқда.

Миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиши билан бирга, оммавий ахборот воситалари ёрдамида жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга ҳам имкон яратди.

Миллий ахборот соҳасининг ривожланиши баробарида демократик ўзгаришлар билан бирга, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари бузилиши ва яна бир қатор жиддий муаммолар ҳам кўзга ташлана бошлади. Бугунги кунда ташқи ва ички ахборот таҳдидларнинг кучайиб бориши давлат ва жамият барқарорлиги учун потенциал хатарга айланиб, барқарор ривожланиш жараёнларига тўсқинлик қилмоқда ҳамда шахс, давлат ва жамоатчилик ахборот хавфсизлигининг бузилишига олиб келмоқда.

Бугунги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири — интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий тарқатилишидир. Ижтимоий тармоқлардан, тезкор хабарларни тарқатиш техник майдончаларидан, оммавий ахборотларни тарқатиш мессенжерларидан фуқароларнинг шахсга доир ҳуқуқлари, уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг конфеденциаллиги қўпол равишда бузилган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Интернет тармоғида шахсини аниқлаб бўлмаслиги имкониятидан фойдаланиб, айрим фойдаланувчилар қонунларда таъқиқланган ҳақорат ва туҳматга асосланган ахборотларни тарқатмоқда.

Энг хавфлиси, балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар учун ҳам бундай нолегал ахборотларнинг тарқатилаётганидир. Ёшлар улғайишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар интернет тармоғидаги қонунга хилоф равишда тарқатилаётган ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқда.

Нолегал ахборотлар тарқатилиши жараёнларига қарши кескин курашиш учун тегишли давлат органларининг аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳаракатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда белгиланган қоидалар амалиётининг самарадорлигини таъминлашни талаб этади.

Парламент эшитуви доирасида миллий ахборот маконини янада барқарор ривожлантириш мақсадида ахборот соҳасининг миллий қонунчилигини оптималлаштириш йўлларини муҳокама қилиш учун тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимларини жалб қилган ҳолда, ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Демократик кучлар блокининг парламент эшитувини ўтказиш бўйича ушбу таклифи депутатларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди. Парламент вакиллари ушбу масаланинг бугунги кун учун ниҳоятда долзарблик касб этаётганини инобатга олган ҳолда, биргина Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти билан чекланмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳам бу масалага муносабатини эшитиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар. Ушбу таклиф бир овоздан маъқулланди.

Мавзуга оид