Ўзбекистон | 21:30 / 19.08.2019
23147
4 дақиқада ўқилади

Қўқон шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қўқон университети ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамаси Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарор билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Da Vinci” масъулияти чекланган жамиятининг Қўқон шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг олий таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш; 

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.

Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

Университетни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўкитувчилар таркиби билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади.

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади.

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади.

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

2022 йил 1 августга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;

Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўкитувчилар ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Мавзуга оид