Жаҳон | 12:30 / 23.10.2024
1382
1 дақиқада ўқилади

Миннесота университетида Фаластин тарафдорлари акцияси иштирокчилари ушланди

Фаоллар университет маъмурий биносига моддий зарар етказганликда айбланган.

Фото: Anadolu Agency

АҚШ полицияси Миннесота университети маъмурий биноси - Morrill Hall яқинида Фаластин тарафдорлари уюштирган митингнинг 11 иштирокчисини қўлга олди.

CBS News хабарига кўра, 30 га яқин фаол бино ичига кирган, улардан 11 нафари мулкка зарар етказганликда ва биноларга киришни тўсиб қўйганликда айбланиб ушланган.

Университет маъмурияти намойишчилардан Morrill Hall'ни тарк этишни талаб қилди, қолганлар эса кейинги хабарга қадар бинодан узоқроқ туриш ҳақида огоҳлантирилди.

Акция ташкилотчиларидан бири Мерлин Ван Алстеин қўлга олинишидан олдин ҳам фаоллар талаблари қондирилмагунча ёки куч билан олиб кетилмагунча бинони тарк этмасликларини айтган эди.

Миннесота университети вакилининг айтишича, Фаластинни қўллаб-қувватловчи акция иштирокчилари маъмурий бино ичидаги кузатув камералари ойнасига спрей сепган, дераза ойналарини синдирган, бинога кириш ва чиқишни тўсиб қўйган.

Мавзуга оид