Иқтисодиёт | 14:53 / 20.08.2019
112673
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги янги электр ҳисоблагичлар нархини ким тўлашини маълум қилди

Ўзбекистонда электр энергияси тармоқларини модернизация қилиш дастури доирасида истеъмолчиларга янги «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Унинг нархи эса, ўрнатиб бериш билан бирга 770 минг сўмни ташкил этмоқда. Фуқароларда, ўз навбатида, ушбу суммани ким тўлайди, унинг нархи электр энергияси тарифларига қўшиладими, деган ҳақли саволлар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Kun.uz мухбирининг шу масалага доир саволга жавоб берди. 

-  7 миллиондан ортиқ истеъмолчи борлиги қайд этилди. Бир дона ҳисоблагич ўрнатиш билан бирга 770 минг сўмга тушади. Бу харажатлар қачон, неча йилда ўзини оқлайди?

«Ҳисоблагичнинг бугунги кундаги нархи – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизники 49 АҚШ доллари эквивалентидаги сўмда, ҳисоблагич заводдан чиқиб кетган кундаги Марказий банк расмий курси билан белгиланади. Иккинчи завод ҳам шу нархда етказиб беради. Осиё Тараққиёт банкининг тендери орқали ғолиб бўлган нарх 64 долларни (63,85 атрофида) ташкил этади. 

Энди ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича қилинаётган харажатлар қачон ўзини оқлайди, деган саволга жавоб берсам. Бу каби ҳар қандай йирик лойиҳа учун махсус институт томонидан техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилади. 

Унда, истеъмолчиларга сотиладиган электр энергияси нархи қанча, деган савол қўйилади. Нега, чунки, бу ҳисоблагичлар ўрнатилгач, электр энергияси йўқотишларининг олди олинади. Унинг миқдори аниқ, ўша миқдорни тарифга кўпайтирсак, сумма келиб чиқади. Шунда бир йилда қанча маблағ тежалиши, аниқроқ айтганда, йўқотишларнинг олдини олиш ҳисобига кўпроқ маблағ кирим бўлиши таъминланади», - дея қайд этди Энергетика вазири ўринбосари. 

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев

Унинг сўзларига кўра, ҳисоблагичларни ўрнатишдан аввалги техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишда 2017 йилги тарифлар шартли равишда олинган ва икки хил усулда ҳисобланган. 

«Ҳақиқатга энг яқин ҳисоб-китобларга биноан, янги ҳисоблагичларни ўрнатиш 8-9 йилда ўзини оқлашини кўрсатган. Аммо, бу истеъмолчи шунча муддат мобайнида янги ҳисоблагич қийматини ҳам тарифга қўшилган ҳолда тўлаб боради, дегани эмас. Чунки, биз бу масалага бошқачароқ ёндашганмиз», - деди Шерзод Хўжаев. 

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, олинадиган халқаро кредитларнинг барчаси узоқ муддатли бўлиб, 20-25 йилни ташкил этади. Яъни, тизимни барпо қилиш учун олинган кредит шунча муддат давомида қайтарилади. 

«Дунёнинг ҳар қандай бурчагида амалга ошириладиган катта лойиҳа борки, улар имтиёзли узоқ муддатли кредитларни жалб этишга ҳаракат қилади. Биз ҳам шу нуқтаиназардан келиб чиққан ҳолда ОТБ, Жаҳон банки, Ислом Банки, Осиё Инфраструктура банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредитларини жалб этишга ҳаракат қиляпмиз», - дея ойдинлик киритди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.  

У, шунингдек, янги ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича молиявий манбаларни ҳам маълум қилди. Булар Осиё Тараққиёт банки ва Мажбурий Ижро бюроси жамғармаси маблағларидир. 

«Биз молиялаштириш манбаларини кўп ўйлаганмиз. Ҳозирги кунда ҳисоблагичларни алмаштириш бўйича иккита асосий манба бор – булар Осиё Тараққиёт банки ва Мажбурий Ижро бюроси маблағларидир. Жамғармадан ажратиладиган маблағлар беғараз ёрдам сифатида келгани боис, тарифга қўшилмайди. Тарифнинг бир қисми эса, Осиё Тараққиёт банкидан олинган маблағларни қайтаришга йўналтирилади. 

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишни истардимки, ҳар бир тадбиркорлик субъектининг маҳсулоти бўлгани сингари, электр корхоналарининг маҳсулоти электр энергиясидир. Корхона ўз харажатларини электр энергиясини сотишдан тушган маблағ ҳисобидан қоплайди. Аммо, бу электр энергиясини сотиш билан бирга ҳисоблагичлар учун алоҳида устама қилиш амалиётидан қочганмиз», - деди Хўжаев. 

Мавзуга оид