Ўзбекистон | 20:52 / 20.08.2019
11777
2 дақиқада ўқилади

«Ганга» ва цирк олдидаги аттракционлар ўзбошимчалик билан қурилгани, рухсатномаси йўқлиги маълум қилинди

Бугун, 20 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Саноат хавфсизлиги қўмитаси томонидан «Истироҳат боғларидаги аттракционлар: уларда учраётган муаммолар ва ечимлар» мавзусида ОАВ ходимлари учун анжуман ташкил этилди.

Тадбирда аттракционларнинг техник хавфсизлиги, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, операторларни ўқитиш, сертификатлаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Қўмита раиси Бахтиёр Ғуломов соҳада йиғилиб қолган қатор муаммолар ҳақида гапириб ўтди.

«Маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган 1845та аттракциондан 450тасида техник камчиликлар аниқланди ва фаолиятини тўхтатиш бўйича огоҳлантирилди. Булар асосан Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Тошкент шаҳрида энг катта кўрсаткич – 205та аттракционнинг хавфсизлиги талабга жавоб бермайди. Аттракционлар жойлашуви бўйича аниқ талаблар қўйилган, лекин амалда буни кўрмаймиз. Масалан, халқ тилида «Ганга» ва Тошкент давлат цирки олдидаги майдончага ўрнатилган аттракционлар ўзбошимчалик билан қурилган, рухсатномаси йўқ. Қурилган жой аттракционлар учун мос эмас. Бу бўйича ҳокимликларга мурожаатномалар киритганмиз», дея Ғуломовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ғулмовнинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатлар келиб чиқишига сабаб шу пайтгача давлат назорати ўрнатилмагани учун тадбиркорлар ўзбошимчалик билан фаолият юритган. Шу билан бир қаторда, аттракционларни сертификациядан ўтказиш ихтиёрий тартибда бўлгани ҳам ҳолатга сабаб бўлган.

Мавзуга оид