Жамият | 18:20 / 23.08.2019
8643
2 дақиқада ўқилади

ИИВ пайнет шохобчасига айланган жамоатчилик назорат масканлари ҳақидаги саволга жавоб қайтарди

Бугун, 23 август куни Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш бўйича ўтказилаётган профилактик тадбирлар» мавзуида ОАВ вакиллари учун анжуман ўтказилди.

Тадбир давомида «Ўзбекистондаги МФЙларда ташкил этилган жамоатчилик назорати масканларининг аксарияти пайнет шохобчаларига айланиб қолгани, бундай манзара қай даражада ИИВ диққат марказида»лиги ҳақидаги саволга Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Даврон Азизов жавоб берди.

«Ҳақиқатдан савол жуда ўринли. Жамоатчилик назорат масканлари Вазирлар Маҳкамасининг 497-сонли қарори асосида жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар битта маҳаллада ташкиллаштирилган. Аммо унинг бошқарув тизими йўқ эди. Шунинг натижасида сиз таъкидлагандек, кўпи пайнет ёки дўконга айланиб кетганди. Профилактика инспектори эса иши кўплигидан у ерда мунтазам бўлишга улгурмасди ва назоратсиз қоларди. Шу йилдан бошлаб профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш ёрдамчиси лавозими жорий қилинди. Улар зиммасига функционал вазифа сифатида жамоат назорати маскани фаолиятини кун-у тун назорат қилиш юклатилди.

Аввал жамотчилик назорати масканлари 8 минг 970та эди. Апрель, май ва июнь ойларида тафтиш ишларини ўтказдик. Пайнет ва турли хизмат кўрсатиш шохобчаларига айланганлари тугатилди. Айни пайтда 7 минг 900та талабга жавоб берадигани фаолият юритяпти. Йил якунига қадар Республикада мавжуд 9 минг 83 маҳалланинг барчасида жамоатчилик назорати масканлари тўлиқ йўлга қўйилиб, фаолияти мунтазам кузатувда бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид