Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилган аёлнинг фарзанди даволанишини назоратга олди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги сурхондарёлик аёл Гулноза Нурманова Тошкентдаги «Era med» хусусий клиникасидаги жарроҳлик амалиётидан кейин фарзандининг аҳволи оғирлашиб қолгани хусусида ижтимоий тармоқ орқали йўллаган мурожаати юзасидан маълумот берди.
«Ижтимоий тармоқларда сурхондарёлик уч ёшли Шаҳризода Мингқобилованинг онаси Гулноза Нурманова фарзандини Тошкентдаги «Era med» хусусий клиникасида операция қилдиргач, аҳволи оғирлашиб қолгани хусусидаги мурожаати кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг топшириғига биноан, ушбу муаммо бўйича беморни даволаш жараёни етакчи мутахассислар томонидан ўрганилди. Айни пайтда бемор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келинди ҳамда олимлар ва малакали шифокорлар томонидан консилиум ўтказилиб, муолажалар давом эттирилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2016 йилда Шўрчи туманида туғилган Шаҳризода Мингқобилова туғма юрак порогининг оғир формаси билан дунёга келган. Бу касаллик оқибатида болада жиддий кислород етишмовчилиги кузатилган. Бу эса бошқа касалликлар ҳам авж олишига сабаб бўлган. Хусусан, беморда туғма юрак пороги мураккаб тури билан бир қаторда, хроник гипоксемия, гипотрофия, энцефалопатия, гидроцефалия каби мураккаб касалликлар ҳам бўлган. Беморнинг мунтазам равишда нафаси қисилиб, юрак фаолияти безовта қилиб келган. Натижада у жисмоний ривожланишдан орқада қолган, вазн етишмовчилиги, соматик ҳолати нохуш бўлган. Шу сабабли операцияни барвақт ўтказиш имконияти бўлмаган.
Шу туфайли бола ўз турар жойида диспансер назоратига олиниб, доимий кардиолог назоратида даволаниб келган. Бундан ташқари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтган ва амбулатор ҳамда стационар шароитда даволаниб келган.
Беморни яқинлари «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди орқали «Era med» хусусий клиникасида даволатишга қарор қилган. Бола шу йил 16 май куни операция қилинган. Операция муваффақиятли ўтган. Операциядан кейинги эрта даврда беморда юрак, нафас етишмовчилиги фонида буйрак етишмовчилиги аломатлари қўшилган, танасида шишлар пайдо бўлган.
Бунинг натижасида нафас етишмовчилик белгилари кучайиб, апноэ (нафас тўхташи) кузатилган. Нафас йўлларининг туғма нуқсони туфайли трахея интубацияси ўтказишнинг иложи бўлмаган ва шу сабабли трахеостома ўрнатилган. Натижада болада бош мияда гипоксия белгилари кучайган. «Era med» клиникасининг невропатологи томонидан тегишли даво муолажалари ўтказилган.
Шу йил 8 июлдан бошлаб бемор Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанишни давом эттирган. Айни пайтда пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган беморнинг ҳаёти учун шифокорлар туну кун курашмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги каналида жойлаштирилган хабарда.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024