10:13 / 27.08.2019
10490

Ёшлар иттифоқининг ёшлар бандлигига эришиш учун ишлаб чиқилган лойиҳалари натижа беряптими?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини бошлагандан сўнг ёшлар билан боғлиқ энг муҳим масалаларни белгилаб олган ҳолда муаммоларга ечим топиш йўлидан борди. Ёшлар бандлигини таъминлаш ана шундай долзарб масалалардан бири эди. Турли лойиҳалар, узоқни кўзлаб қилинган чора-тадбирлар натижаси бугун анчагина сезилди.   

Буни ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишларни таҳлил қилган ҳолда англаб етиш қийин эмас. Иттифоқ ташкил топган 2017 йилнинг ўзида 28 760 нафар ёшлар иш билан таъминланган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 46 062 нафарга етган.

2018 йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бандлик масаласини тизимли ҳал қилиш мақсадида республика бўйича 30 ёшгача бўлган 687 564 нафар ишсиз ёшларнинг рўйхатини шакллантирди. Шунга кўра, 2019 йилга мўлжалланган манзилли режа тасдиқланди.

2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида эса 109 578 нафар ёшларни иш билан таъминлашга эришилди. Ушбу кўрсаткичдан кўриниб турибдики, ўтган икки йилга нисбатан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 34 756 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Ёшлар иттифоқи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқди. Устоз-шогирд анъанасига кўра, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш,  меҳнат ярмаркалари ташкил қилиш билан иш топа олмаётган ёшларга ёрдам бериш, "Ҳар бир ёшга бир гектар"  лойиҳаси орқали ёшларни фермерларга бириктириш  ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида бандлигини таъминлаш,   “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар орқали яратилган янги иш ўринларига жойлаштириш бу борадаги салмоқли ишлардан саналади.

Ёшлар бандлигини таъминлашнинг яна бир илғор тажрибаси сифатида 190 та касб-ҳунар коллежлари негизида “Ёшлар марказлари” ташкил этилиб, 26 йўналишдаги тил ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича 2 628 та бепул тўгараклар фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этиш керак.

Шунингдек, хорижга ишлашга кетиш истагида бўлган ёшлар учун рус тили, инглиз тили ва хорижий давлатларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича 209 та бепул тўгараклар ташкил этилди. 2018 йилда ушбу тўгаракларга жами 17 497 нафар ёшлар қатнашган бўлса, 2019 йилда 7 410 нафар  ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар томонидан 2017 - 2019 йиллар мобайнида анъанавий ўтказиб келинаётган “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмаси ҳам ёшларни мутахассислиги бўйича ўқишларини давом эттириш, хорижий университетлар вакилларидан консултациялар олишда муҳим жараёнга айланди.

Президентимиз "Халқимиз юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни ўз ҳаётида эртага эмас,  узоқ келажакда эмас, айнан бугун сезиши керак" деганда, бандлик масаласини ҳам эътибордан  четда қолдирмаган эди. Чунки доимий иш билан машғул ёшнинг бекорчи нарсаларга сарфланадиган вақти бўлмайди,  севимли касб эгасининг эртанги кунидан кўнгли тўқ, руҳи эса баланд бўлиши,  табиий. Энг асосийси, у мақсад билан яшайди. 

Ҳақиқатан, янги ишга кирган ёшнинг қувончи бошқача бўлади. Унинг ҳаётга мустақил одимлари мустақил фаолият бошлашида кўринади.  Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган лойиҳалар доирасида ўз ишини топган, ҳунарли бўлган, ўз касбининг мутахассиси сифатида фаолият бошлаган, турли соҳаларда кимларгадир нафи тегаётган ёшлар битта бўлса ҳам, мингта бўлса  ҳам жамият учун арзигулик муваффақият ҳисобланади.

Чунки ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан мамлакат ривожига ҳисса қўшаётганларнинг сафини кенгайтиришга эришиш мумкин.

Гўзал Охунова

Top