Жамият | 22:14 / 27.08.2019
8503
3 дақиқада ўқилади

«Ёзувчиларимиз халқ оғзаки ижодидан тобора узоқлашиб бормоқда» - Усмон Азим

Бугун, 27 август куни Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари томонидан тайёрланган ва Ғофур Ғулом нашриётида нашр қилинган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” номли 100 жилдлик мажмуанинг дастлабки 15 жилди тақдимоти ўтказилди.

Унда фан, адабиёт ва санъат вакиллари, нашриёт ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, мазкур лойиҳа 2015 йилда бошланган бўлиб, унда ўзбек хали оғзаки поэтик ижоди асарларининг энг мукаммал намуналари қамраб олинган. Жумладан, нашрнинг 59 жилди достонлар, 10 жилди халқ қўшиқлари, 12 жилди эртаклар, қолган жилдлар эса терма, афсона, ривоят, нақл, мақол, топишмоқ, аския, лоф, латифа, оғзаки драма, болалар фольклори ва бошқа жанрларни ҳам ўз ичига олган.

Тадбирда сўз олганлар халқ оғзаки ижодини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида гапиришди.

— «Жаҳон «Одиссея» достонини ўрганди, лекин бизнинг «Алпомиш» ҳали ўрганилгани йўқ. Алпомишнинг «Одиссея»дан бирор-бир кам жойи йўқ. 

Мени яна бир нарса даҳшатга солади, ёзувчиларимиз халқ оғзаки ижодидан тобора узоқлашиб бормоқда. Билиб қўйинглар, бу яхшиликка олиб бормайди. Мен яқинда бир шоирга шеърларингиз жуда замонавий, янгича экан, десам, сиз сурхонликларга яхши-да, дейди. Нега десам, халқ оғзаки ижодини биласизлар, дейди. Сиз-чи, десам энди биз фарғоналикмиз, дейди.

Хўш, Фарғонадан чиққан ижодкор халқ оғзаки ижодини билмаслиги керакми? Ўзини ижодкорман деган киши борки, аввало ўз халқининг оғзаки ижодини билиши керак. Тўғри, жаҳон адабиёти ҳам керакдир-у, лекин халқ оғзаки ижодини билмаган ижодкор бу ижодкор эмас», деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.

Маълумот учун, шу йил охирига қадар мазкур китобларнинг яна 5та жилдини тайёрлаб ўқувчилар эътиборига ҳавола этиш режалаштирилган.

Мавзуга оид