Ўзбекистон | 13:53 / 28.08.2019
11066
4 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазирлиги илк бор мактабгача тайёрлов сертификатларини топширди

Жорий йилнинг 27 август куни Мирзо Улуғбек туманида бошланғич таълим олдидан мажбурий йиллик мактабгача тайёрловдан ўтган болаларга илк гувоҳномаларни топшириш  маросими  бўлиб ўтди. Маросимда  Мактабгача   таълим  вазирлиги Бош  бошқармаси  бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева ва Мирзо   Улуғбек тумани  ҳокими Шавкатбек Эргашев иштирок этдилар.

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг  2018-йил 8-декабрдаги 999-сонли "Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликка босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ болаларни мактабга бир йиллик мажбурий тайёрлаш” лойиҳаси бошланганди.

Тажрибанинг дастлабки босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида амалда татбиқ этилиб, 11 минг нафар болани қамраб олди. 

Мазкур дастур мактабгача ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига бормаган болалар учун  мўлжалланган. Лойиҳа  "Илк қадам" дастурининг бир қисми сифатида амалга оширилади ва мактабда бир йиллик мажбурий тайёргарликни талаб қилмайди.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин: “2018 йил декабрь ойида Мактабгача таълим вазирлиги болаларни мактабга мажбурий тайёрлаш лойиҳасини амалга ошира бошлади. Бугун биз илк гуруҳ битирувчиларига сертификатларни тақдим этдик. Бу дастур ҳақида лойиҳанинг тажриба босқичида иштирок этган болаларнинг ота-оналаридан олинган мулоҳазалар жуда ижобий бўлди. Таъкидлаб ўтишим лозимки, мактабга бир йиллик тайёргарлик - бу классик маънодаги фақатгина “ўрганиш” дегани эмас. Ўқитувчилар қизиқарли ўйинлар асосида ўқувчиларни ранглар, ноталар, объектлар ва атроф муҳит ҳодисалари билан таништирадилар. Бола биринчи синфга чиққунига қадар, ёмғирни дўлдан, автобусни машинадан, сабзавотни мевадан ажрата олиш қобилиятига эга бўлади. Бу ёшда болалар мияси ҳаракатчан, қизиқувчан ва тез қабул қилувчи бўлади. Шу сабабли бола миясини ривожлантириш, озиқлантириш жуда  муҳим ҳисобланади. Ўқув жараёни бола ёшига муносиб тарзда қизиқарли, ижодий тарзда ташкиллаштирилган”. 

Илк босқич якунидан сўнг, вазирлик бутун республика бўйлаб мактабгача бир йиллик тайёргарликни бошлайди.

Мактабгача таьлим тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 2020 йилда 85.2 фоизни ва 2021 йилда 100 фоизни ташкил қилиши керак. Тошкентда эса йил якунига қадар бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш  режалаштирилмоқда.

“Ҳозирда мактабга тайёргарлик гуруҳларига қабул қилиш жараёни уйма-уй юриб амалга оширилмоқда. Лекин ота-оналарнинг ўзлари ҳам Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиб, тайёргарлик гуруҳларидан жой олиш имкониятига эгалар. Эслатиб ўтаман, давлатга қарашли мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳларида таълим олиш бепул бўлиб, болаларни ривожлантиришга ёрдам берувчи ўйин ва ўйинчоқлари, бадиий адабиётлар билан таъминланган. Дастур ҳафтасига 15 соатлик машғулотларни ўз ичига олади. Яъни болаларга кунига 3 соатли машғулот ўтилади. Фарзандларини давлатга қарашли мактабгача таълим муассасаларига беришни истамаган ота-оналар учун хусусий мактабгача таълим муассасаларида ва ўқув марказларида мактабга тайёргарлик кўриш имконияти ҳам яратилди. Бунинг учун нодавлат мактабгача ташкилот мазкур хизматларни амалга ошириши учун мактабгача таълим  вазирлиги томонидан бериладиган сертификатга эга бўлиши керак. Бунда эса таълим курси нархини хусусий ташкилотнинг ўзи белгилайди”, - дейди Тошкент шаҳар МТБ бошлиғи Жанна Пак.

Келгусида  давлат томонидан тасдиқланган сертификат мавжудлиги биринчи синфларга қабул қилиш учун муҳим ҳисобланади. Ҳозирда ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таьлим ва Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Мавзуга оид