«Тўртинчи саноат инқилоби бошланганини инобатга олиш зарур» – Азиза Умарова ислоҳотларни давом эттириш ҳақида
Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Унда иштирок этган халқаро ва маҳаллий экспертлар, мутахассислар концепция юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
«Ўзбекистонда ўтган 2 йил ичида олий таълим тизимида қабул квоталари оширилиши, хусусий олий таълим муассасалари очилиши каби ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Бу каби ислоҳотларни давом эттиришимиз зарур.
Чунки биз олий маълумот қамрови бўйича қўшни давлатлардан орқадамиз. Ўзбекистонда олий таълимга жалб этиш 15 фоизни ташкил қилса, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияда бу кўрсаткич 35-45 фоизни қайд этади. Бу дегани биз пост-совет давлатлари орасида ёшларига 3 баравар кам олий таълим олиш имконини бераётганимизни англатади», дея таъкидлади ушбу концепция юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш жараёнида Smartgov Consulting директори Азиза Умарова.
У бир сонияда истаган маълумотини интернет орқали топиш имконига эга бўлган болаларни бугун эски методика ва тартиб-интизом билан ушлаб туриб бўлмаслиги, дунё ўзгариб бораётгани, тўртинчи саноат инқилоби бошланганини ҳамиша инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Азиза Умарова аграр ислоҳотлар ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириш жараёнида айрим солиштирма фактларни санаб ўтди.
«Ўзбекистонда давлат бюджетидан қишлоқ хўжалиги соҳасига Исроилдан 20 марта кўп, Россиядан 6 баравар кўп, Қозоғистондан 2 марта кўп субсидия ажратилади. Лекин олаётган фойда харажатга арзиши ёки йўқлигини ҳам таҳлил қилиш зарур», дейди у.
Азиза Умарова темирйўл соҳасида ҳам таққословчи фактларни тақдим қилди.
«Қозоғистонда айни пайтда 90 минг темирйўл контейнери мавжуд. Уларнинг асосий қисми хусусий қўлларда бўлса, Ўзбекистондаги 20 минг темирйўл контейнерлари деярли тўлиқ давлатники ҳисобланади.
Бундан ташқари, локомотивларга диққат қаратадиган бўлсак, улар Украинада 3 минг 994та, Беларусда 748та, Қозоғистонда 1 минг 719тани ташкил қилади. Ўзбекистонда эса локомотивлар сони Украинаникидан 10 марта, Беларусникидан 2 марта, Қозоғистонникидан эса 5 марта кам», дейди Smartgov Consulting директори.
Шунингдек, Азиза Умарова ўз таклифлари доирасида ижтимоий ҳимоя масаласига алоҳида тўхталиб ўтиб, ногиронлиги бор фуқаролар, ёлғиз яшовчилар, етимлар, иқтисодий қийналган аёллар ва болалар, муқаддам судланганларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Мавзуга оид
16:26 / 16.04.2021
«Учта таълим вазирлиги бирлаштирилса, соҳада молиявий қийинчиликлар камаярди» - Азиза Умарова таълимдаги камчиликлар ҳақида
22:32 / 26.01.2021
Аслида ундай эмас: Аёлларнинг ўзбек жамиятидаги роли ҳақидаги учта нотўғри қараш
12:27 / 19.11.2020
Азиза Умарова Uzbekistan Airports кузатув кенгаши мустақил аъзоси бўлди
00:24 / 18.07.2020