Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёшлар иттифоқи мутасаддиси: «Бизда коррупция оқибатларидан жабр кўрган ёшлар ҳақида маълумот йўқ»
Бугун, 29 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Бош прокуратура ҳамкорлигида «Ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарни шакллантириш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мутасаддилар коррупцияга қарши кураш борасида ташкилотлар томонидан ўзаро ҳамкорликда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтаришган.

Тадбир давомида Олий таълим тизимида қуйи даражадаги, яъни, ўқув юртларига қабул қилиш, кириш имтиҳонлари, оралиқ ва битирув имтиҳонларини топшириш ва бошқа жараёнларда учрайдиган коррупция ҳолатларидан азият чеккан ёшларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшлар сиёсатини юритишдаги ваколатли орган сифатида қандай ишларни амалга ошираётгани, шу пайтга қадар қанча ёшлар ташкилот кўмагидан фойдалангани ҳақида савол билан мурожаат қилинди.
«Тўғри айтдингиз, Олий таълим тизимида нисбатан коррупция ҳолатларининг кўпроқ учраши рост. Лекин тўғрисини айтсам, бизда бу борада аниқ рақамлар йўқ, статистика шакллантирилмаган», дея Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлим мудири Акмал Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшлар учун бепул юрист маслаҳати ташкил қилинган. Агар бирор таълим муассасасининг ўқувчиси коррупция ҳолатидан азият чекса биз унга бепул ёрдам кўрсатишимиз мумкин», дея жавобни тўлдирган ташкилот матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи уставининг II боб 2.2 бандида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ташкилотнинг вазифаларида қаторида келтирилган.