27-29 август кунлари Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ОАВ вакиллари Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида бўлдилар. “Остона” Халқаро биржаси таклифи билан уюштирилган пресс-турда бу марказнинг фаолияти, хусусан янги фаолият бошлаган халқаро биржа иши билан танишув бўлиб ўтди.

Дастлаб журналистларни “Остона” Халқаро молия маркази раҳбари Қайрат Келимбетов қабул қилди.

Қисқача маълумот: Келимбетов Қайрат Неъматович, 2002—2006 йилларда Қозоғистон иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, 2008 йилда Республикаси президенти Администрациясини бошқарган, 2011 йилда Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири, 2012 йилдан бош вазир ўринбосари, 2013-2015 йилларда Қозоғистон Миллий банки (Марказий банк) раиси, айни пайтда “Остона” Халқаро молия маркази раҳбари.

Журналистлар билан суҳбат жараёнида жаноб Келимбетов шундай маълумотлар берди:

– Марказимизнинг асосий вазифаси хорижий инвестицияларни мамлакат иқтисодиётига жалб қилиш, уларга қулай муҳит яратишда ёрдам беришдан иборат. Хабарингиз бор, 2017 йилда Остонада «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтган. Мана шу сиз ташриф буюрган бино-иншоотлар шу тадбир муносабат билан қурилган (таҳр.: лойиҳа қурилишларининг умумий қиймати 2,1 млрд. долларни ташкил қилган ва бу маблағ тўлиқ Қозоғистон ҳукумати томонидан қопланган). Бу тадбирда жуда кўп давлатлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этганидан хабарингиз бор. Кўргазма муваффақиятли ўтганидан кейин биринчи президентимиз томонидан биноларнинг бир қисми биз фаолият бошлаган “Остона” Халқаро молия марказига берилди. Бундан ташқари ҳудудда қатор инновацион марказлар ҳам фаолият юритади. Шу ерда жойлашган Остона Халқаро Биржаси NASDAQ, Шанхай Халқаро биржаси каби йирик биржалар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.

Мана шу марказ жойлашган ҳудудда молия соҳасида инглиз қонунчилиги амал қилади. Сабаби, дунё бўйича тан олинган инглиз ҳуқуқи кўпчилик давлатлар, йирик инвесторлар учун тушунарли, анъанавий ҳисобланади. Айнан инвесторларга қулайлик яратиш мақсадида давлатимизда ҳатто конституцияга ҳам ўзгартириш киритилган ва Нурсултон шаҳрининг 80 фоиздан ортиқ ҳудудида фақат молия соҳасида инглиз қонунчилиги амал қилиши кўрсатиб ўтилган. Кейинчалик шу ўзгаришга асосан 70 та қонун қабул қилинди. Биз ҳатто молиявий масалаларни ечиш учун собиқ иттифоқда биринчи бўлиб Англиядан судьяларни таклиф қилганмиз ва улар шаҳримизда доимий асосда фаолият олиб боришади. Ҳозир Буюк Британиянинг собиқ бош судьяси лорд Гэри Вульф бизда молия соҳасида бош судья