Нима учун абонентларга номаълум рақамлардан қўнғироқ қилинаётганининг эҳтимолий сабаби тушунтирилди
Охирги кунлар ижтимоий тармоқларда мобил алоқа фойдаланувчиларига номаълум рақамлардан қўнғироқ қилиниб, сўнгра алоқа узилиб қўйилаётгани, бу телефон орқали фирибгарликнинг янги тури эканлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бу шундай кўриниш олган: фойдаланувчига номаълум рақамдан қўнғироқ келади, 2 сониядан кейин эса алоқа узилиб қўйилади. АиФ.ru нашри ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Александр Баранов билан буни ким нима мақсадда амалга ошираётганини ҳамда бундай ҳолатда ўзини қандай қилиб хавфсизлантириш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.
Нима учун номаълум рақамлардан қўнғироқлар қилинмоқда?
Кўринишича, буни фирибгарлар амалга ошириб, улар абонент ўтказиб юборилган қўнғироқни кўриб, ўша рақамга ўзи қайта қўнғироқ қилишини мақсад қилишган. Барановнинг тушунтиришича, бундай фирибгар фирмалар алоқа оператори билан битим тузиб, унинг шартларига кўра фирибгарларнинг рақамларига келиб тушувчи ҳар қандай қўнғироқ пуллик бўлади. Яъни агар абонент қайта қўнғироқ қилса, унинг ҳисобидан маълум сумма ечиб олинади. Бундай фирмалар абонентлар рақамларини очиқ манбалардан ёки абонентлар базасини сотиб олиш орқали олишлари мумкин.
Фирибгарлардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Контактларингизга кирмайдиган бундай рақамларга қўнғироқ қилмаслик лозим. Агар бу фирибгарлар эмас, зарурат юзасидан бошқа бир одам қўнғироқ қилган бўлса, у албатта қайта қўнғироқ қилади. Агар сиз фирибгарлар қўнғироқ қилганидан гумон қилсангиз, рақамни интернетдан излаб, у ҳақида ахборот олишингиз мумкин. Шунингдек, номақбул рақамни “қора рўйхат”га киритиб қўйиш мумкин, бироқ бу унча самарали чора эмас, чунки фирибгарлар ўз рақамларини мунтазам ўзгартириб туришади.
Агар пул ечиб олинган бўлса, уни қайтариш мумкинми?
Мутахассиснинг фикрича, назарий жиҳатдан пулларни қайтариш мумкин, бироқ буни амалга ошириш мураккаб ва маълум харажатни талаб қиладиган жараёндир, чунки бунда абонентнинг ўзи қайта қўнғироқ қилган.
“Фирибгар фирма қўнғироқ қилганини исботлаш жуда қийин бўлади. Одатда, улар ҳуқуқий томондан яхши ҳимояланган. Албатта, олдига мақсад қўйиб, тўлақонли суд жараёни ўтказилса, унда пуллар қайтарилишига эришиш мумкин, бироқ буни ҳар ким ҳам истайвермайди. Бу мураккаб техник экспертизани жалб қилган ҳолда кечувчи суд жараёни бўлиб, мўмайгина пулга айланади”, деб тушунтирган мутахассис.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
09:50 / 18.12.2024
Европада кекса кишиларни алдаган фирибгарлар тармоғи фош этилди
10:00 / 10.12.2024
Молиявий фирибгарликларнинг олдини олишда антифрод тизимларнинг роли қандай?
11:35 / 11.09.2024