Жамият | 21:49 / 05.09.2019
20521
19 дақиқада ўқилади

Собиқ иттифоқ ҳудудидаги аксар республикаларда филология янги ўзанларга тушиб олди. Бизда-чи? — Профессор билан суҳбат

Бир неча кун аввал «Бундай она тили таълими ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас!» – Тилшунос олим билан суҳбат» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мазкур суҳбатда она тили (ўзбек тили) ва адабиёти таълимидаги муаммо ва камчиликлар таҳлил қилиниб, таклифлар билдирилган эди. Қуйида юқоридаги суҳбатнинг мантиқий давоми сифатида филологик илмдаги ҳолат баҳоланади.

Янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга аниқ самарани таклиф этадиган, жамият ривожига ҳисса қўшадиган фанларгина яшаб қолишга, ривожланишга ҳақлими? Ёки илм илм учунми? Филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев билан шу ва бошқа муаммолар хусусида соҳа доирасида суҳбат ташкил қилинди. Унда филология, хусусан, тилшунослик илмининг бугунги ҳолати, қилинаётган тадқиқотлар моҳияти хусусида сўз боради.

— Президентимиз яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таълим ва тил ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Танқидий гаплар айтилди. Шу маънода айтишимиз мумкинки, тил ва адабиёт илми (филология) ва таълими соҳалар орасида жамиятимизда муҳимлик даражаси бўйича сўнгги ўринларга тушиб кетгани сир эмас. Ҳатто яқин тарихда филология керакми деган иддаолар бўлган ва ҳозир ҳам йўқ деб бўлмайди. Бу масалага мутахассис сифатида фикрингиз қандай?

— Чорак асрлар муқаддам (қайта қуриш йиллари арафасида) физиклар томонидан тил ва адабиёт илми фойдасиз соҳа, филологлар моддий неъмат яратмайди, улар жамият учун керак эмас, нафақат керак эмас, ҳатто текинхўр, боқиманда, тирик товон деган иддаолар бўлган ва бу собиқ шўро филологиясига нисбатан айтилган эди. Лекин кейинчалик собиқ иттифоқнинг аксар республикаларида ҳолат ўзгариб кетди. Филология ҳам янги ўзанларга тушиб олди. Буни соҳада эълон қилинаётган ишларнинг аксарияти давлат гранти асосида молиялаштирилаётгани, филология бўйича турли-туман илмий тадқиқот институтлари фаолият кўрсатиб, янги-янгилари очилаётганида ҳам кўришимиз мумкин. Шунингдек, замонавий филологик касблар пайдо бўлди: тармоқ коммуникациялари етакчиси, авлодлараро таржимон, комьюнити-менежер, маркетинг котиби, қидирув синчиси, медиашунос, креатив коммуникатор, жамоатчилик билан алоқа мутахассиси, референт, имижмейкер, копирайтер, спичрайтер, тил модератори ва ҳоказо. Уларни тайёрлайдиган таълим йўналишлари ҳам вужудга келди.

Бизда-чи? Бизда айтарли ўзгариш бўлмади. Эски филология эса таназзулга юз тутди. Янгиси туғилмади. Ҳозир жамиятнинг эътибори ва ёрдами «ўлик» филологияни сақлаб туришга кўмаклашишдан иборат. Чунки соҳанинг ўзи «реанимация» ҳолатидан чиқишга ҳаракат қилмаяпти. Бунда давлатни айблаш тўғри эмас. Ахир, беморнинг ўзида ҳаракат бўлмаса, табибдан фойда йўқ. Ҳатто ўзбек тили ва адабиётига йўналтирилган университет ташкил этилган, тадқиқот институти қайта тикланган бўлса-да, илмий ва таълимий жабҳада жиддий ижобий силжиш кузатилмади. Филологлар тайёрлаш соҳаси «хўжакўрсин» шаклга, пиар мақсадига, сирти ялтироқ, ичи қалтироқ мазмунга эга бўлиб қолди. У кундан-кун илмдан, олимлардан йироқлашиб бораётир. Фожиали томони шундаки, филология бирдан-бир татбиқий соҳаси бўлган таълим учун ҳам мутлақо хизмат қилмай қўйди.

Филология фани ва тил-адабиёт таълими орасида жарлик пайдо бўлди.

Анъанавий филология ҳозирги кунда инқироз ҳолатини бошидан кечирмоқда. Биз филологлар, аччиқ бўлса ҳам айтиш лозимки, ана шу «жонсиз» филологияни қўриқлаб, ювиб-тараш эвазига кун кўряпмиз. Мамлакатимизда филологик тадқиқотлар ва тил-адабиётни ўқитишга эътиборнинг сусайиб кетгани уларнинг замондан буткул орқада қолиб кетганидир.

— Умуман олганда, шиддатли замонамизда филология мавжуд бўлишга қай даражада ҳақли?

— Агар амалдаги филологиямизни назарда тутаётган бўлсангиз, унинг яшашга мутлақо ҳаққи йўқ. Янги асрда ҳозиргидай соф филология бўлиши мумкин эмас. Филология бошқа соҳаларга ҳамкорлик қилсагина мавжуд бўла олади. Янги филология туғилиши учун ўзимизнинг ёрдамчи фан соҳаси вакили эканимизни англашимиз, тан олишимиз ва йўлимизни шунга мос қуришимиз лозим. Масалан, тилшунослик 3 минг йиллик узоқ тарих ва турли тараққиёт босқичларига эга. Лекин у дастлаб бошқа фанларга ёрдамчи соҳа эди. ХIХ асрнинг ўрталарига келиб мустақил фан сифатида амал қила бошлади. Албатта, бунинг сабаблари бор. Тилшунослик тилларнинг ички қурилишини – системасини аниқлаши давр талаби бўлиб, тилдаги товушларни, сўзларни, қўшимчаларни, гап тузилиши сирларини очиши лозим эди. Шу тарзда фонетика, лексика, морфология, синтаксис деган тилшунослик бўлимлари ажратилди ва минг афсуски, тилшунослик ушбу бўлим-у бўлимчалари билан бирга таълимга кириб кетди. Ўртада фан ва таълимни боғловчи бир бўғин вужудга келмади.

Тилшунослик йиллар давомида тил қаърига чуқурлашгани сайин миллий тиллар таълими ҳам мураккаблашиб бораверди. Бугунги ўзбек она тили таълими – ана шундай соҳа. Мураккаб, чигал лингвистик қоидалар, дарсликлардан дарсликларга ўтиб борадиган чайир таърифлар, бу қоида ва таърифларга мос лингвистик машқ ва топшириқлар, амалиётдан мутлақо йироқ тест саволлари ўқувчи ишлатмайдиган, ҳаётида, кези келса, бир марта ҳам рўпара бўлмайдиган билимлар синовига йўналтирилди. Биз она тили ва адабиёт таълимида «филологик чоҳ»га шу даражада чуқур шўнғиб кетдикки, ундан чиқишимиз энди анча қийин кечади. Асл фожиамиз эса уни англаб етмаётганимиз ёки тан олмаётганимиз!  

Замонавий тилшунослик олдида тилдан фойдаланиш, тилни «ишлатиш» масаласи турибди. У бу масалани четлаб ўтиб, ҳануз ўрганиб бўлинган объектини яна ковлаштириш билан, бошқача айтганда, ўтиб кетган давр  муаммолари билан банд бўлиб ётибди. Бундай тилшуносликнинг ҳеч кимга кераги йўқ ва шу масалада физикларнинг юқоридаги фикрларига қўшилмаслик мумкин эмас. Ана шу «жонсиз» тилшунослик бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар, она тилининг «жонсиз» таълими давлат учун ҳеч қандай ижтимоий самара бермайдиган, ортиқча юк. Бу юкдан тамомила воз кечиш вақти чорак аср олдин келган эди. Воз кечолмаётганимиз учун ҳам филология кераксиз, ҳатто зарарли соҳа бўлиб қолаётгани баробарида мавжуд она тили таълими эса ёшларга ҳеч нарса бермаётир. У тузук-қуруқ савод чиқариш вазифасини ҳам бажара олмаяпти. Ахир, қўлида ваколатли органлар томонидан тасдиқланган ва фойдаланишга тавсия этилган имло луғати бўлмаган (бошқа луғатларни-ку қўйиб турайлик) ўқувчининг саводхонлиги ҳақида яна қандай гап бўлиши мумкин?

— Сизнингча, янги тилшунослик замон талабларига жавоб бериши учун қандай бўлиши керак?

— Айтганимдек, янги даврда тилшунослик бошқа соҳаларга кўмакчи бўлиб қолиши керак. Математик лингвистика, биологик лингвистика, физик лингвистика, тиббий лингвистика, компьютер лингвистикаси, психологик лингвистика, таълимий лингвистика, санъат лингвистикаси, диний нутқ лингвистикаси, ортология ва ҳоказо. Ҳар бир соҳа бўйича луғатчилик лингвистик асосда тараққий этиши лозим. Биргина мисол. Олинган товарнинг ёрлиғини ўқиб қай даражада тушуна оламиз? Дорихонадан харид қилинган маҳсулотнинг йўриқномасидаги нечта сўзнинг маъносини биламиз? Ундаги жумлалар мазмуни ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Нари борса, учта-тўртта сўз-да: дозаси, ножўя таъсири, мутахассис, маслаҳатлашинг каби. Ахир, йўриқномани саводли ҳар бир киши ўқиб тушуна олиши керак эмасми? Бунинг учун эса лингвистика билан тиббиёт ҳамкорлиги зарур. Тиббий терминологиянинг илмий ва оммабоп вариантлари фарқланиши керак. Тиббий илмий ва оммабоп матн фарқланиши, илмий тадқиқ қилиниб, лингвистик тавсиялар ишлаб чиқилиши зарур.

Талабгор, борингки, 100та замонавий тиббий терминнинг одамшаванда вариантини асослаб, қўллашга тавсия этгани учун илмий даража олсин. Бу биттагина диссертация ҳозирги ўнлаб ижтимоий фойдасиз, «фан фан учун», «диссертация илмий даражалар учун» тамойили асосида ҳимоя қилинаётган тавсифий характердаги тадқиқотлардан фойдалироқ. Энди тавсифий тилшунослик ўз ўрнини соҳавий-тавсиявий тилшунослик йўналишларига бўшатиб бериши лозим. Масалан, бирор асарда қўлланган сўзларни тавсифий тадқиқ қилиш ўрнига унинг луғатини тузиб қўйиш зарурроқ ва фойдалироқ эмасми? Тадқиқотлар илмий даража учун бўлиб қолмаслиги керак. Аслида терминшунослик каби луғатшунослик ҳам тилшуносликнинг энг самарадор соҳаси. Аммо тавсиявий луғатшунослик бизда йўқ ҳисоби (луғатшунослик бўйича ўқув фанлари ҳам ўтмишга қаратилган, келажакка эмас). Хуллас, қанча фан соҳаси бўлса, шунча лингвистик йўналиш, соҳавий луғатшунослик, терминшуносликлар шаклланиши лозим.

Филология яроқсиз ҳолга келиб қолгани учун ҳам:

– мамлакатимизда бу соҳадаги давлат грантига даъвогар исталган мавзудаги лойиҳани, ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни, долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабат асосида тўла маъқуллаш ёки осонгина йўққа чиқариш мумкин;

– аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, филология соҳасида кўплаб сунъий чекловлар мавжуд. Табиий чекловлар қўйилса, муаммонинг ҳаётийлиги ва амалий аҳамиятлилигидан келиб чиқилса, филологияда камдан-кам иш ҳимоя қилинади.  

Хуллас, собиқ шўро тузуми даврида филология бўйича илмий ишлар тадқиқотчиларнинг ташаббуслари билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилар, соҳа харажатлари аслида аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағлар асосида қопланар эди.

Бугунги кунда филология мақсадли талаб ва таклиф муносабатига мос эмас. Соҳада талабсиз таклиф ҳукмрон. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган жонсиз ва татбиқсиз тусдаги филология фани тўлиқ боқиманда соҳага айланиб қолди. Чунки тадқиқотлардаги муаммолар сунъий. Улар аслида фаннинг муаммоси, асло жамиятники эмас. Шунинг учун ҳам ҳимояга олиб келинаётган диссертацияларга ОАК томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз – натижаларнинг амалиётга татбиқ этилмаганидир (аслида татбиқ этиб бўлмаслиги). Демак, ё тадқиқотлардан буткул воз кечиш, ё давр талабларига мос изланишлар олиб бориш зарур. Учинчи йўл йўқ!

— Филология соҳасидаги ислоҳот қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?

Биринчидан, маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, соҳа раҳбарлари, «дарға»лари ва мутахассисларининг тафаккурини ўзгартириш керак. Филология «жонсиз» соҳа бўлиб қолгани учун ҳам олий ўқув юртларининг илмий ва таълимий ричаги бўлган филология мутахассислиги кафедраларини шунга мос кишилар бошқаради. Иқтидорли олимлар эса бундай бемаъни ташвишли лавозимлардан қочишади. Лавозимларга, асосан, илмнинг кўчасидан ўтмаган кишилар жадвал ва ҳисоботлар тайёрлаш даражасига, мажлис-у тадбирларда фаоллигига, кўзининг «кўрлиги», тилининг «соқовлиги» ва қулоғининг «карлиги»га қараб тайинланади (филологик илмий муассасалар ҳам бундан пеш эмас). Ҳатто оддийгина ҳозирги ўзбек тили ва ҳозирги ўзбек адабий тили тушунчаларини фарқламайдиган кишилар фанларнинг тақдирини ҳал қиладиган бўлиб қолди. Улар – оқим бўйлаб сузиб эмас, шунчаки «оқиб» кетаверадиган кишилар. Соҳада инновация қилиш, уни ривожлантириш ҳақида ўйламайдилар ҳам. Кафедраларнинг ҳам, илмий муассасаларнинг ҳам замон талаблари асосидаги инновацион концепциялари йўқ (бу «Маърифат» газетасининг 2015 йил 3 июнь сонида «Кафедра» сарлавҳали мақолада  ёритилган эди).

Соҳада илмий унвон ва даражалар илмий ютуқлар асосида эмас, кўп ҳолларда муносабатлар асосида белгиланади. Бундай шароитда филология илмини қандай юксалтириш мумкин? Бу ҳолда замонавий филология ҳақида гап бўлиши мумкинми?

Илғор ва замонавий, инновацион илмий ғоя обрў ва мартаба мезони бўлмоғи, уларнинг амалга оширилиши даража ва унвонлар асосида турмоғи лозим. Филологиянинг бугунги «жонсиз» ҳолати эса ҳақиқий олимларни «исталмаган шахслар»га айланишига олиб келганлиги ўта ачинарли!

Давр дарс берувчи профессор-ўқитувчиларнинг ҳам, кафедра мудирларининг ҳам, айрим фанларнинг ҳам танловини тўла маънода аудиторияга қолдиришни тақозо этаётир. Талаба нимани ўқишни ва кимдан сабоқ олишни ўзи ҳал қилиши керак.    

Иккинчидан, университетларда ўтиладиган қатор фанлардан бутунлай воз кечиш керак. Жаҳон тажрибасини ўрганиш, ижобий томонларини ўзлаштириш лозим. Бунга давлат маблағи ҳисобидан хорижга шунчаки саёҳат қилиб келувчилар эмас, балки муносиб мутахассислар жалб этилиши зарур.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда «Ўзбек филологияси» ва «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналишларида ўтиладиган фанларнинг аксарияти мутлақо эскириб кетган. Боз устига, бу икки йўналишда қарийб барча мутахассислик ўқув предмети бир хил ўқитилади, фақат соатлар ҳажми билан фарқ қилади. Ахир, филология – тадқиқий, ўзбек тили ва адабиёти – таълимий йўналиш! Бирида предмет тадқиқий, иккинчисида таълимий аспектда ўқитилиши, ёндашувлар мутлақо фарқ қилиши керак эмасми? Ёки ҳар икки йўналишда ҳам шундай ўқув фани борки, уларнинг номи ва мазмуни мос эмас. Мисол сифатида оладиган бўлсак, «Навоийшунослик» ўқув фани, номидан кўриниб турибдики, Алишер Навоий ижодининг ўрганилиши масаласидан баҳс юритади. Бироқ ушбу ўқув предмети дастур ва дарсликлари мазмуни кузатилса, унинг «Навоийшунослик» эмас, балки «Алишер Навоий» фани экани маълум бўлади, чунки курсда гап Навоий ижоди ҳақида боради, унинг ижодининг ўрганилиши бўйича битта мавзу бор, холос. Демак, ўқув фани «Навоийшунослик» бўлса, унинг мазмуни ўзгартирилиши, модомики, мазмун шундай қолдирилиши керак экан, унда фаннинг номи «Алишер Навоий» бўлиши лозим.

Умуман олганда, филологик ўқув фанлари тизими давр талабларига мутлақо мос эмас. Шунинг учун етишиб чиққан филологлар бозор талабларига жавоб бермайди. Фикрларимизни яна айрим далиллар билан мустаҳкамлаймиз. Маълумки, мактаб таълимида иншо машғулотлари учун беҳад катта соат ажратилади. Бироқ ҳали биз ўқувчига ёлчитиб иншо (матн) ёзишни ўргата олганимиз йўқ. Чунки қандай ўргатишни билмаймиз. На унинг ўқув предмети, на технологияси, на методикаси бор! Жонли, амалий аҳамиятли, тўла маънода нутқий малакани шакллантирадиган «Нутқ маданияти» фани ҳам ҳануз яратилмади. Ўқув предмети сифатида риторика ва нутқ маданияти тарихи, воизлар фаолияти ҳақидаги назарий ва ахборий маълумотлар, тумтароқ, чигал, чалкаш ва айқаш-уйқаш қоидалар мажмуи бўлиб қолмоқда!

Методик нуқтаи назардан таълим соҳасида ўқиётган талаба ҳар куни мактабда бўлиши лозим. Расмий ёндашувлардан воз кечиб, жонли методикани йўлга қўйиш керак. Мавжуд педагогик амалиётлар номига, пала-партиш ва самарасиз ташкил этилади. Олий ва ўрта таълим ҳамкорлиги механизми яратилмаган, тизим ишлаб чиқилмаган.

Хуллас, олий филологик таълимда космополитизмдан воз кечиш даври шиддат билан ўтиб кетмоқда!   

Учинчидан, республика учун қанча назарий филология ва қанча таълимий филология бўйича мутахассис керак? Бутун республика университетларида шунча филолог тайёрлашга ҳожат борми? Филология бўйича улардан қанчаси тадқиқотчи бўлади? Давлатнинг шунча маблағини нотўғри сарфлашнинг нима кераги бор? Бир йилда мамлакат бўйича 100 нафар филолог тайёрлаш, балки етарлидир (агар кўплик қилмаса!). Буни марказий ОТМ – Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига қолдириб, бошқа ОТМларда асосий эътиборни ўзбек тили ва адабиёти таълими мутахассисларига қаратиш керак эмасми? (Талантли бўлса, келажакда бу йўналиш битирувчилари орасидан филологлар ҳам етишиб чиқаверади. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ)

Магистратура мутахассисликлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Фақат таянч ўқув юртида илмий мутахассисликлар қолдирилиб, бошқа ОЎЮда таълимий мутахассисликлар фаолият юритиши керак. Шунда бакалавриатда ҳам, магистратурада ҳам катта миқдордаги асосий пул тўланадиган вақт бюджети таълим методикасига йўналтирилади. 

Замонавий филологияни шакллантиришда «юқори» ва «қуйи»нинг ҳамкорлик йўллари сифатида қуйидагиларни тавсия қиламан:

биринчидан, тегишли соҳа вазирлик ва қўмиталари, корхона ва ташкилотлар филологик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаб, муаммолар банкини яратишлари, уларни фан йўналишлари бўйича таснифлашлари, илмий иш бажарувчи ташкилот ва корхоналарга юбориб, шартнома тузишлари, уларнинг шартнома бўйича фаолиятларини молиялаштиришлари зарур;

иккинчидан, муайян фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар тегишли соҳалардаги илмий тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаш, муаммолар банкини яратиш ва таснифлашда уларга кўмаклашишлари лозим;

учинчидан, илмий ва ўқув-илмий муассасалар ўзларининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқишлари зарур;

тўртинчидан, бу муассасалар ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизматларини таклиф этишлари керак;

бешинчидан, оқсоқ соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ташкилотларга имтиёз ва енгилликлар берилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, аслида қудратли ва ҳаётий гуманитар фанлар жамиятни маънавий жиҳатдан юксалтиради. Юксак технология ва иқтисодиёт эмас, балки юксак маънавият – тараққиёт гарови! Маънавиятсиз технологик ва иқтисодий тараққиёт инсониятни таназзулга олиб келади.

Янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга аниқ самарани таклиф этадиган, жамият ривожига ҳисса қўшадиган филология туғилишга ва яшашга ҳақли. Зеро, жамиятнинг маданий-маънавий даражаси тилга ва филология соҳасига муносабатда билинади.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Мавзуга оид