Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ер юзи аҳолисининг бир фоизи витилигодан азият чекмоқда. Терида учрайдиган шу ва бошқа касаллик ҳамда нуқсонларнинг олдини олиш, барвақт ташхис қўйиш ва самарали даволаш жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоси ҳисобланади.

Бугун, 6 сентябрь куни Тошкентдаги «International hotel Tashkent» меҳмонхонасида иш бошлаган дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчилари жаҳон тиббиётининг ана шундай долзарб муаммоларига ечим топиш мақсадида жамланди. Тадбирда ўзбекистонлик олимлар ва шифокорлар билан бир қаторда, АҚШ, Франция, Россия, Буюк Британия, Италия, Польша, Руминия, Туркия, Ҳиндистон, Украина, Беларусь, Грузия ва Қозоғистондан келган етакчи олимлар ва мутахассислар иштирок этмоқда.


«Айтиш керакки, мамлакатимизда тиббиётнинг турли йўналишлари каби аҳолига дерматовенерология соҳасида ҳам малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратилган. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари жаҳон тиббиётининг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий, инновацион лойиҳалар асосида илмий изланишлар ҳам олиб бормоқда. Натижада тиббиёт амалиётига диагностика ва даволашнинг бир қатор янги услублари жорий этилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда марказ олимлари соҳадаги турли касалликлар билан бир қаторда витилигони даволаш бўйича жаҳон тиббиётининг ноёб технологияси – меланоцитар трансплантациядан тиббиётда самарали фойдаланиляпти. Эндиликда теридаги турли касаллик ва нуқсонларни даволаш учун хорижга чиқишга ҳожат қолмади.

Мазкур халқаро анжуман тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Тадбирнинг очилиш маросимида дерматовенерология соҳасида фаолият юритаётгани бир гуруҳ хорижлик таниқли олимлар Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциациясига аъзо бўлди. Энди улар мамлакатимиз олимлари билан биргаликда ҳудудлардаги шифохоналарда жаҳон тиббиётининг илғор усуллари бўйича ташкил этиладиган маҳорат дарслари ва семинарларда иштирок этишади.



















