Ўзбекистон | 18:12 / 07.09.2019
17055
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори билан Экология қўмитасига янги вазифа юкланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги ишга тушириладиган хўжалик субъектларининг атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлари) мажбурий тартибда хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги соҳасида барча вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази:

идоравий таҳлил лабораторияларининг моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш, шунингдек, уларни атроф табиий муҳит давлат мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган кимёвий реактивлар, синов газлари, прекурсорлар ва бошқа сарфлаш материаллари билан марказлаштирилган тартибда таъминлаш бўйича келишилган таклифларни уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритадилар;

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда республика ва вилоят даражасидаги барча идоравий таҳлил лабораториялари аккредитациядан ўтказилишини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган мавжуд хўжалик субъектларини атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлари) билан хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич жиҳозлаш бўйича таклифларни 2020 йил 1 январга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

Атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси 2021 йил 1 январда тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан 2021 йил 1 декабрида республикада атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматлаштирилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “2016-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастурини тасдиқлаш тўғрисида” 2016 йил 23 августдаги 273-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Мавзуга оид