Бугун Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари 65-сессияси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Т.Норбоева ўз нутқида мажбурий меҳнат масалаларини тилга олди. Жумладан, мажбурий меҳнатни бартараф этиш борасида республикамизда жуда катта ютуқларга эришилган, бу Халқаро меҳнат ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар эътирофига сазовор бўлаётганини гапириб берди.
Шунингдек, Самарқандда туризм соҳаси салоҳиятларидан унумли фойдаланиш ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Сенат раиси қабул қилинаётган қонунларнинг халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашларида ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, қонунларнинг бехато ишлаши учун зарур чора-тадбирлар кўриш ҳақида ҳам ўз фикрларини баён қилди.
Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу масалада дастлаб Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг ҳисоботи тингланди. Самарқанд вилояти республикамиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида алоҳида ўрин тутади. Вилоят макроиқтисодий кўрсаткичларини аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Республика миқёсида етакчилиги билан алоҳида ажралиб туради.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича Республикада 1-ўринда бўлса, кўрсатилган хизматлар ҳамда чакана савдо айланмаси ҳажмлари бўйича 3-ўринни, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида 5-ўринни эгаллайди.
Жумладан, вилоятда 2019–2020 йилларда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сонини камида 2 баробарга, Каттақўрғон туманида 3 баробаргача ошириш белгиланган.
Шундан, жорий йил якунига қадар 10.100 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ўтган даврда режа 102 фоизга уддаланган ёки 5.955 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Уларнинг 1.444 таси оилавий корхона, 874 таси хусусий корхона, 3.355 таси МЧЖ ва 282 таси бошқа турдаги корхоналар ҳисобланади.















