Спорт | 14:36 / 08.09.2019
19139
3 дақиқада ўқилади

«Челси» футболчиси тунги клубда дўппосланди

«Челси» яримҳимоячиси, айни вақтда «Бёрнли» клубига ижарага берилган Дэнни Дринкуотер Манчестер шаҳридаги тунги клублардан бири яқинида дўппосланди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда.

Ҳаддан ташқари маст бўлиб қолган футболчи «Сканторп Юнайтед» футболчиси Кгоси Нтлега ҳамроҳлик қилган қизга тегажоғлиқ қила бошлаган.

«Йигитча, менга барибир, у мен билан бирга кетади», — деган Дринкуотер футболчига қарата. Нтле ундан ўзи ва ҳамроҳини тинч қўйишни сўраганида, «Челси» ҳавбеки унга ташланиб қолган.

Футболчилар ўртасида жанжал келиб чиққач, қўриқчилар Дринкуотерни кўчага олиб чиқиб ташлашган, кейин унга бирданига 6 киши ҳужум қилган.

«Қайсидир паллада у ерга қулади ва ғужанак бўлиб ётиб олди, улар эса унинг тўпиғига сакраб бақиришди: «Оёғини синдиринглар». Ҳужум қилганлар у Премьер-лига юлдузи эканини, оёғи унинг ҳаёти учун муҳимлигини билишарди. Ҳаммаёқ қон бўлиб кетди, бу жуда ёмон манзара эди», — дейди воқеага гувоҳ бўлган манба.

Ўтган ҳафтада «Челси» ва «Бёрнли» клублари Дринкуотер тўпиғидаги жароҳат туфайли маълум вақт давомида майдонга туша олмаслигини маълум қилишганди. Аммо бу клубларнинг баёнотида жароҳат сабаби келтирилмаганди.

Ўша ҳужум натижасида футболчининг болдир суяги бўғими узилган, юзи, елкаси ва қўлидан жароҳат олган. Шунингдек, унинг лунжи ёрилган, кўзининг ости кўкарган.

Ўша вазиятда полиция чақирилмаган. Дринкуотерга қилинган ҳужумга Нтленинг алоқадорлиги тўғрисида маълумот йўқ.

Футболчининг тикланиб сафга қайтиши учун камида тўрт ҳафта муддат талаб қилинади.

Айни вақтда 29 ёшда бўлган Дэнни Дринкуотер — 2016 йилда «Лестер» сафида Англия чемпиони, 2018 йилда «Челси» сафида Англия Кубоги ғолиби бўлган, Англия терма жамоасига номзод ҳисобланади. Жорий мавсумда у «Бёрнли»нинг бир ўйинида иштирок этди.