Иккинчи Жаҳон уруши бошланганига ҳам 80 йил тўлди. Айни шу кунлари туғилганларнинг ҳам аксарияти оламдан ўтиб кетишди. Бу машъум уруш қатнашчилари эса саноқли қолган. Кўҳна Қитъа – Европада бу уруш ташкилотчилари ҳам, мазлумлари ҳам бу санани мутлақо унутмайдилар. Айниқса жорий йил бу сана аксарият давлат раҳбарлари иштирокида, юзлаб ОАВ вакиллари кўз ўнгида нишонланди.

Бу журналистлар орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор эдилар. Польша давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси ва бевосита ҳомийлигида бўлиб ўтган бу сафар чиндан ҳам мазмунли бўлди.

Савол туғилади, нега айнан Польша?

Гап шундаки, иккинчи жаҳон урушининг дастлабки учқуни ҳам, энг оғир жанглари ҳам, энг кўп қурбонлар бериш ҳам айнан шу давлатда кечган. Польша ҳудудининг ҳар бир қаричи тарихни муҳрлаб олган. Бу давлатдаги бепоён қабристонларда ётган жангчиларнинг, мангу қўним топган аскарларнинг аниқ сонини ҳеч ким билмайди.

“Сўнгги аскар шахси аниқланиб, ҳурмат билан дафн этилмагунча уруш давом этаверади” деган нақл бор. Мана, 70 йилдирки Польшада бу масалага жиддий қаралади. Ҳар йили мунтазам тарзда “Номаълум аскар қабри” дея номланувчи қабристонлар бўйлаб  тадқиқотлар ўтказилади, аскарлар шахси аниқланса, уларнинг яқинлари изланади. Расмий ва тасдиғини топган маълумотларга қараганда Польша ҳудудида собиқ иттифоқнинг 600 минг нафардан ортиқ аскарлари тупроққа қўйилган, аммо ҳали тасдиғини топиб улгурмаган маълумотлар бу рақамнинг 1,2 млн кишига етишини кўрсатади. Албатта, тупроққа қўйилган, деган гап озроқ муболағали. Сабаби уруш талотўплари пайтида аскар жасадини қайсидир расм-русумга мувофиқ дафн этиш катта иш саналган. Кўп ҳолларда бунга имкон ҳам, вақт ҳам бўлмаган. Нобуд бўлган аскарлар тўдаланиб, умумий чуқурларда дафн қилинган ва бирор белги қўйиб кетилаверган. Ёки жон берган жангчи шунчаки табиий тарзда ерга қоришиб кетган...