24 ёшли америкалик аскар ва 18 ёшли француз қизи. Бир қарашда ёшликнинг ажойиб ва муҳаббатга тўла палласи. Аммо иккинчи Жаҳон урушининг оғир изтироблари бу ошиқлар тақдиридан ҳам беиз кетмади. Улар айрилиқдан 75 йил ўтиб қайта учрашишди.

Ҳар бир инсон давр қийинчиликлари-ю, мислсиз қаршиликларга қарамай, ўз муҳаббати ва тақдирига битилган инсон билан учрашишни орзу қилиши табиий. Бизнинг қаҳрамон ёшгина америкалик Трой Роббинс ҳам бу борада омади чопган аскарлардан бири эди. У гўзал ва латофатли француз қизига ошиқ бўлди ва ўз ўрнида у ҳам йигитнинг муҳаббатини рад этмади.

Улар бир умр бахтли яшашга ва ўлим уларни айирмагунча бир-бирларидан ажралмасликка ваъдалашишди. Аммо ҳамиша ҳам инсон айтгани каби бўлавермас экан. Тақдирнинг ҳам ўз режалари бор. Айрилиқни дийдорга айлантириш учун уларга 75 йил керак бўлди. Аммо бу вақт ичида ҳис-туйғулар сўнмади.

Улар Франциянинг Брие шаҳрида учрашишди - Роббинс таътил учун айнан шу жойни танлаган эди. Агар у бошқа ҳудудга юборилганда, улар ҳеч қачон бир-бирлари билан учрашишмас эди. Бу учрашувнинг тасодифий эмаслигига қандай ишонмаслик мумкин. Ошиқлар ҳатто турли тилларда гаплашишар, баъзан нима деяётганларини тушунмасдилар ҳам. Аммо бу улар ўртасидаги муносабатларга тўсқинлик қилмаган. Баъзан нигоҳлар, хатти-ҳаракатлар ва ўзига хос ифорлар сўзлардан-да яхшироқ маънога эга эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Улар Роббинснинг ҳарбий таътилини ана шундай шод-хуррамликда ва келажак режаларини тузиш билан ўтказишди.

Таътил якунлангач, Роббинс фронтга жўнаб кетди ва севгилисига фақат фотосурат қолдирди. Унда шундай сўзлар битилган эди: “Мен албатта қайтиб келаман ва сизни олиб кетаман”.

Ўз ўрнида Ганей ҳам вақтдан унумли фойдаланиб, инглиз тилини ўргана бошлади. Чунки у бу тилни ўрганмасдан туриб, кейинги ҳаётини қуриб бўлмаслигини яхши билар эди. Аммо шуниси ғалати эдики, Роббинс қайтиб келмади.

Урушдан сўнг ўз ватанига кетган йигит бошқа бир қиз билан танишади ва у билан аёлнинг ўлимига қадар 70 йил бирга яшайди. Албатта, Ганей ҳам орзуларини имкон қадар амалга оширди. Турмушга чиқди, фамилиясини ўзгартирди, беш фарзанднинг онаси бўлди ва бу орада турмуш ўртоғи вафот этди.