Ўзбекистон | 20:26 / 12.09.2019
4666
3 дақиқада ўқилади

Сирдарё эркин иқтисодий зонаси табиий шароит тўлиқ ҳисобга олинган ҳолда ташкиллаштирилган - Вазирлик

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Сирдарё эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда маълум қилинишича, Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда, асосан, қурилиш моллари, сантехника маҳсулотлари, терини қайта ишлаш, металл конструкциялар йўналишларида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Таъкидланишича, Сирдарё эркин иқтисодий зонасида 2019 йил январь-май ойларида ишлаб чиқарилган 419,7 миллиард сўмлик маҳсулотнинг 26 фоизи четга экспорт қилинган.

«Сирдарё-Фарм» эркин иқтисодий зонасида эса фармацевтика соҳасида бир марта ишлатиладиган пластмасса идишлари ва инфузол дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳалари ишламоқда», дейди Сирдарё ЭИЗ дирекцияси директори Нурбек Қурбонов.

Анжуман давомида журналистларнинг Сирдарё вилоятининг ўзига хос табиати ишлаб чиқариш тизимига таъсир қилмайдими, деган мазмундаги саволига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Исломиддин Норимов жавоб берди.

«Эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилишда ҳудуд танлаш муҳим аҳамият касб этади. Шамол қайси томондан эсишидан тортиб, ҳаво ҳарорати неча даража бўлишигача, инобатга олиниб, ишлаб чиқариш зоналари режалаштирилади», дейди Исломиддин Норимов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ҳеч қачон чарм-пойабзал ишлаб чиқариш заводи билан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи ёнма-ён жойлаштирилмайди. Сирдарё ЭИЗда ҳам худди шу тартибда ҳар бир ички ва ташқи омиллар инобатга олинган. 

Тадбир давомида Исломиддин Норимов бугунги кунда Хитой, Туркия, Россия ва Жанубий Корея давлатларининг Ўзбекистонга киритаётган инвестиция улуши бошқа давлатларга қараганда анча юқорилиги ҳақида маълумот берди.

«Инвесторларни жалб қилиш мақсадида ҳар бир ҳудуднинг ўз инвестицион потенциали, яъни мавжуд хом ашё ресурслари инобатга олинган ҳолда махсус графиклар асосида инвестицион бизнес форумлар ўтказиб борилади. Улар доирасида ҳудуднинг салоҳияти намойиш қилинади.

Масалан, Самарқанднинг туризм бўйича имкониятларига, Зомин туманининг эса доривор ўсимликларни қайта ишлаш салоҳиятига урғу берилади», дейди Исломиддин Норимов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, турли халқаро форумларда ҳам мамлакат ҳудудларининг имкониятидан келиб чиққан ҳолда хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида тақдимотлар ўтказиб борилади.

«Мамлакатда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарда ҳам инвесторларга қулай муҳит яратилишига доимий эътибор қаратиб борилади. Ҳозирги кунда уларнинг турли ташкилотларда сарсон бўлмаслиги учун ягона дарча тизими жорий этилган. Бу дегани инвестор келиб ЭИЗлар дирекцияларига учрашиб, ўз муаммоларини шу ернинг ўзида ҳал қилиши мумкин», дейди Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Исломиддин Норимов.