Жамият | 19:54 / 12.09.2019
93869
9 дақиқада ўқилади

«Straus House» ўзини оқлашга уринмоқда. Айтилган 5 мингта жўжа қаерда?

Kun.uz сайтида халқ орасида «Straus House» номи билан танилган корхонадан миллионлаб пулларини ололмаётган фуқароларнинг мурожаатлари ёритилган эди.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 7 сентябрь куни «Пойтахт» бизнес-марказида сўнгги вақтларда кўплаб фуқароларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган «STRAUS HOUSE» МЧЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун учрашув ташкил қилинди. Ташкилотчилар томонидан «брифинг» дея эълон қилинган мазкур учрашув том маънода «STRAUS HOUSE» МЧЖ ва унинг тадбирга таклиф қилинмаган мижозлари ўртасидаги очиқчасига тортишувга айланиб кетди.

Кўпчилик ушбу тадбир «Straus House» МЧЖдан жабр кўрган фуқаролар муаммоларининг ечимига қаратилган бўлишини кутганди. Учрашув эса жамият таъсисчиси Иброҳим Исроиловнинг меҳмон сифатида таклиф қилинган Kun.uz мухбирига агрессив руҳда ташланиб, сайт орқали эълон қилинган материалларга нисбатан ўз муносабатини билдиришидан бошланди.

«Straus House» ўз мижозларининг барчага маълум бўлган муаммоларини ҳал этишнинг йўллари билан ўртоқлашиш ўрнига таҳририятни асоссиз мақола чиқаришда айблаши йиғилиш қатнашчиларининг ҳайратига сабаб бўлди.

Kun.uz таҳририяти одамларда «Straus House» МЧЖ фаолиятига ёки умуман туяқушчилик соҳасига қарши кайфиятни шакллантиришни мақсад қилмаган. Ушбу мақолалар «Straus House» МЧЖ билан туяқуш учун шартнома тузиб, миллионлаб миқдорда пул тўлаб, жўжаларни ҳам, пулини ололмаётган фуқароларнинг таҳририятга йўллаган мурожаатлари асосида тайёрланган ва эълон қилинган. Ваҳоланки, мақолаларни тайёрлашда «Straus House» МЧЖдан изоҳ олишга ҳаракат қилинган, бироқ бу уринишлар зое кетганди.

Қолаверса, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 34-моддасига кўра, юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли. Бироқ, ўтган вақт мобайнида сайтда эълон қилинган мақолалар юзасидан «Straus House» МЧЖ томонидан бирор муносабат билдирилмади. Шунинг ўзи ҳам компания олиб бораётган фаолиятнинг тўғри ва шаффофлигига бўлган шубҳаларни янада оширади.

Кичик баҳсли ҳолатдан сўнг, компания таъсисчиси айни вақтда муаммоларга дуч келаётган мижозлар бўйича тушунтириш бериб ўтди.

«Шу вақтгача бизда муаммолар вужудга келмаган эди. Фақат шу йил орада 3 ой тўхталиш бўлди. Бунинг сабаби Жанубий Африкада қиш мавсуми уларда совуқроқ келгани билан боғлиқ. Бизда ёз жуда иссиқ келганидек, уларда ҳам қиш мавсуми жуда совуқ келган. Бизга Жанубий Африкадан хат келди. Буни ўзбекчага таржима қилдик. Биз шу орқали ҳамда ўзимнинг интервюларим билан мурожаат этдик. Шунингдек, масала юзасидан бир неча сайтларда ҳам эълонлар бердик. Биз ҳеч қаёққа қочиб кетганимиз йўқ. Август ойидан жўжа етказиб беришни бошладик. Жўжаларни олишмоқда», – дейди компания таъсисчиси Иброҳим Исроилов.

Иброхим Исроилов

У сўзларини тугатар-тугатмас йиғилишга етиб келган мижозлар ўз эътирозларини билдира бошлашди.

Баҳодир Умрзоқов: - «Муаммо юзасидан халқ жабр кўряпти. Кредит олган фуқаролар бор. Бизга ўхшаганлар бор. Уларга ҳеч нарса қилиб берилгани йўқ-ку? Ариза ёзилди, лекин натижа бўлгани йўқ. Мен ўзим 29 январь куни 10та жўжа учун 50 фоиз пулини тўлаганман. Шунча вақт ўтса ҳам натижа бўлмади. Ҳаммаси зўр айтилган гаплар, лекин амалда қани?! Амалда ҳеч нарса бўлмаяпти».

Баҳодир Умрзоқов

Баҳодир Жўраев: - «Жуда кучли нотиқ экансиз. Виждоним қийналса ҳам чидаб, гапларингизни эшитиб турдим. Энди сиз ҳам чидаб эшитиб ўтирасиз. 1 июнь куни жўжалар берилиши керак эди. Телефон қилганимда 4 июнь кунига келинг, дейишди. Хўп деб кутдик. Бу муҳлат яна 15 июнга кўчди, кейин эса 30 июнга кечиктирилди. Июль ойи ўрталарида шартномани бекор қилишга мажбур бўлдим. Шунча вақт ваъдангизга ишониб келгандим. Мен сиздан ўша пулимни талаб қиляпман, холос. Қачон менинг пулим ва шартнома бўйича ҳисобланган компенсация пулларимни тўлаб берасиз?».

Баҳодир Жўраев

Мижозларнинг фикрига кўра, компания таъсисчиси И.Исроилов «Straus House» компанияси юритаётган бизнес шаффофлиги ва унда ёлғон йўқлигини очиқ мулоқотга чиқиш йўли билан исботлаши ҳамда уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган саволларига жавоб бериши лозим бўлади.

Бунинг учун «Straus House» вакилларига қуйидаги саволларга ишонарли тарзда, далиллари билан жавоб тайёрлаб, оммага ҳавола этишни таклиф қиламиз:

1.     Брифингда, ҳозир карантин зонасида 5000 (беш минг) дона туяқуш жўжаси сақланаётгани айтилди. Таҳририят вакилининг биргаликда бориб кўриш ҳақидаги таклифи эса, «жўжалар касал бўлиб қолиши мумкин» деган важ билан рад этилди. Сўз исботи тариқасида «Straus House» мижозларига 5000 дона жўжа видеотасвирга олиб кўрсатилиши, видеони ветеринар қўйган талаблар бўйича вируслардан зарарсизлантирилган, холис KUN.UZ оператори тасвирга олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

2.     «Straus House» МЧЖ таъсисчиси И.Исроилов ўз чиқишларидан бирида 40 минг дона туяқуш жўжаси сотилганини ва бу билан лимит тўлганини айтган. Бу рақамни далиллаш учун мижозларга республика ҳудудига олиб кирилган жўжаларнинг ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасидан олинган расмий маълумот билан исботлаш талаб этилади. Шунингдек, агар белгиланган лимит тўлган бўлса, нега ҳали-ҳануз жойларда компания рекламалари давом этмоқда?

3.     Таҳририят қўлга киритган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Юнусобод филиалида «Straus House»дан норози бўлган 30 нафарга яқин фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда. Улар «Straus House»га тўлаганига 6 ойдан ошиқ вақт ўтган маблағ миқдори эса қарийб 1 миллиард сўмни ташкил қилади. «Straus House» вакиллари айтишганидек, «мижозларнинг ҳуқуқлари компания учун биринчи ўринда туриши» рост бўлса, ушбу маблағлар ўз эгаларига қайтарилиши лозим. Чунки, худди Африкада қиш мавсумида жўжа очиб чиқмагани каби, Ўзбекистон шароитида ҳам қишда жўжани боқиб бўлмаслиги сабабли мижозлар энди жўжаларни эмас, айнан пулларини қайтариб олишни исташмоқда.

4.     Бир неча кун муқаддам оммавий ахборот воситалари орқали берилган интервьюда «Straus House»нинг ҳудудларда 18 нафар олий тоифали ветеринар-шифокорлари борлиги айтилганди. Бироқ, компания мижозларида улар ҳақиқатда мавжудлигига шубҳа бор. Компания ҳудудлардаги ветеринар-шифокорларнинг рўйхати ва улар билан тузилган меҳнат (ёки бошқа шаклдаги) шартномаларини кўрсатиши керак бўлади.

5.     Юқоридаги интервьюда шунингдек, компанияда 100 нафарга яқин одам фаолият юритиши айтилган, бироқ брифингда аввал 50 нафар, ишдан бўшашлардан сўнг 31 нафар ходим фаолият юритиши маълум қилинди. Айни вақтда ушбу ҳолатга асосли тарзда ойдинлик киритиш зарур.

Шуни унутмаслик ва доимий ёдда тутиш лозимки, бу асло KUN.UZ ва «Straus House» МЧЖ ўртасидаги баҳс эмас. Бу айнан «Straus House»дан жабр чеккан фуқароларнинг дарди ва ҳасратларига жамоатчиликнинг, айниқса «Straus House»нинг эътиборини қаратиш орқали уларнинг муаммоларига ечим топишга қаратилган ҳаракат, холос. Таҳририят шу кунга қадар фуқаролар, юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари томонидан йўлланган мурожаатлар асосида жамиятдаги ўткир муаммоларни ёритиб бормоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорлик ривожи учун ваколат доирасида кўмак беришга доим тайёрмиз.

Мавзуга оид