19:56 / 18.09.2019
4
14491

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси коммунал тўловларда нореал қарздорликнинг қандай келиб чиқишига изоҳ берди

Kun.uz таҳририяти Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг фаолияти, бугунги кунда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар, вужудга келаётган долзарб масалалар ва уларнинг ечимларига оид бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов билан суҳбат уюштирди.

Қўмита раиси суҳбат давомида бугунги кунда коммунал тўловларда нореал қарздорликнинг вужудга келиши ва бу борада қўмита томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Нотўғри қарздорлик бўйича жудаям кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Булар ичидан энг кўпи иссиқлик энергияси соҳасида. Иссиқлик энергияси таъминотчисинг маълум бир вазифалари бор. Таъминотчи бириктирилган инспектор билан биргаликда ҳар бир хонадонга бориб, ҳисоблагични текшириб, акт тузган ҳолда ўзига сақлаб қўйиши керак. Бундан ташқари хонадонлардаги ҳисоблагичлар ҳар 4 йилда қиёслашдан ўтказилади. Таъминотчининг яна бир вазифаси шундан иборатки, ҳар қиёслаш ўтказилишидан 1 ой олдин «ҳисоблагичингизни ечиб берамиз, бориб ҳисоблатиб келасиз» деб истеъмолчини огоҳлантириш керак. Ёки бўлмаса, таъминотчи фирманинг маълум тўлов эвазига ечиб олиш, қиёслаш, ўрнатиш хизматларини қилиб берадиган хизматлари бор. Лекин мана шу вазифалар таъминотчи томонидан бажарилмайди. Ҳар кварталда бормайди, акт тузмайди, қиёслаш кераклиги тўғрисида истеъмолчини огоҳлантирмайди. Натижада 4-5 йил ўтиб кетади.

Икки хил ҳисоблаш бор. Агар истеъмолчини айби билан ҳисоблагич бузилган бўлса, ўтаётган сув, газ ёки электр истеъмолчини максимал ишлатиши натижасида қарздорлик ҳисобланади. Агар ўз вақтида ҳисоблашга олиб кетадиган бўлса, олдинги 3 ойдаги ҳисоб-китоб қилиниб, ўртанчаси олинади ва ўртача меъёрда тўланади. Улар бўлса истеъмолчини айби билан бўлган ҳолатни оладида, 2-10 баравар қўшимча қарздорлик қилади. Ҳисоблагич бўйича юз минг сўм тўлайдиган нарсаси бир миллионга айланиб кетади. Шундан сўнг инспектор орқали истеъмолчига қўлига қарздорлик бўйича қоғозни бериб кетишади. Истеъмолчи ҳисоблатишга борганда эса «сиз қиёслашдан ўтказишингиз керак эди» деган жавобни олади. Аслида истеъмолчини 1 ой олдин огоҳлантириш вазифасини бажармаган бўлади. Агар таъминотчи бир ой олдин огоҳлантириш бериб, истеъмолчи қилмаган тақдирда эса бу истеъмолчини бўйнида бўлар эди. Ана шундай вазиятда биз ўртага тушиб, бу истеъмолчини эмас таъминотчининг вазифаси эканлигини тушинтирамиз» – деди қўмита раиси

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top