Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «тролл» атамаси тез-тез ишлатилмоқда. Троллинг фаолияти шундай фаолиятки, унда исталган шахс сохта ва аниқлаш имконияти йўқ ёки қийин бўлган аккаунтлар орқали ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга, янгиликларга ўзининг салбий ёки ижобий фикрларини бериб боради. Одатда бу фаолият маълум мақсадларни кўзлайди. Тролл атамаси кўпинча салбий образларда гавдаланиб келмоқда.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
16 сентябрь куни журналист Дилбар Исматуллаеванинг блогер Нурбек Алимовга йўллаган мурожаати унинг телеграм каналида «Хоин ким?!» сарлавҳаси остида эълон қилинди. Унда Тошкент ахборот технологиялари университетида «троллар фабрикаси» тузилгани ҳақида айтилган.
Исматуллаеванинг сўзларига кўра, унга Тошкент ахборот технологиялари университетида проректор ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган танишларидан бири қўнғироқ қилган ва унга ижтимоий тармоқларда ватанини ҳимоя қилиши учун ҳақ тўланадиган иш таклиф қилган. Ундан пул эвазига сохта аккаунтлар очиш, интернетда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича салбий руҳда фикр билдирганларга жавобан ижобий мазмундаги комментлар ёзиш сўралган. Кейин уни ишончли одам сифатида Telegram’даги «Группа 4» деб номланган гуруҳга қўшишган. У гуруҳга қўшилишидан бир соат вақт ўтиб гуруҳдан чиқариб юборилган. Лекин у бу вақт ичида ёзувлардан «скрин» олишга улгурган.
Суриштирувда ушбу гуруҳ Тошкент давлат ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича проректори Файзулла Агзамов томонидан юритилиши, у гуруҳ аъзоларига постлар остига қандай изоҳ қолдириш ҳақида топшириқ бериб бориш билан шуғуллангани маълум қилинган. У айниқса, президент ва бош вазир номига билдирилган негатив фикрларга муносиб жавоб қайтариш кераклигини таъкидлаган. Унга эса ижтимоий тармоқдаги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулар ҳаволаси «A.Khodjaev» номидаги профил томонидан жўнатиб турилган.

Гуруҳнинг фаол аъзоси, университет матбуот хизмати котиби Ғулом Назаров гуруҳнинг бошқа аъзоларига сохта аккаунтлар сони кўп бўлиши лозимлиги, уларга доимий равишда янги расмлар жойлаб бориш кераклиги, акс ҳолда сохта аккаунтлиги билиниб қолиши мумкинлиги, ҳеч ким уларнинг «тролл» эканини билиб қолмаслиги кераклигини тушунтирган. Гуруҳ аъзолари юқоридаги кўрсатмаларни тушунганликларини тасдиқлашган.




















