Наврўз — анъаналар, қадриятлар, меҳр-оқибат айёми. Муҳаммад ал-Хоразмий  номидаги  Тошкент  ахборот  технологиялари  университетида бу байрам  ўзгача  нишонланди. “Ассалом  Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги қамровидаги барча муассасалар фаол иштирок этишди. Улар томонидан ўзбекона анъаналар, қадриятлар акс этган томошалар уюштирилди.

Чор тарафга таралган ўзбек таомлари ифори, тулпор-у туяларнинг савлати-ю, ўтовларда безатилган дастурхонлар ҳақиқий ўзбекона удумларни акс эттирган. Талабалар ўртасида миллий спорт ўйинлари мусобақалари байрамнинг янада қизғин ўтишига хизмат қилди.

Университет маъмурияти ушбу тадбир доирасида бир нечта фойдали мақсадларни кўзлаган ҳолда ўз талабалари бандлигини таъминлаш учун “Бўш иш ўринлари кўргазмаси” ҳам ташкил қилди. Жорий йилнинг 4 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган кўргазмада талабалар ўз қизиқишлари ва соҳаларидан келиб чиқиб иш топишга муваффақ бўлишди. Аҳамиятлиси улар билан шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари имзоланди.

Тадбирга ташриф буюрган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бу байрам коммуникация ва миллий қадриятлар уйғунлигида ўтаётганини айтиб ўтди:

“Байрам баҳонасида кўп мақсадларни амалга оширишни ният қилдик. Энг аввало, ёшларимизни иш билан таъминлаш учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Кўплаб IT компаниялари келиб, ўз вакансияларини эълон қилишяпти, улар орасида ҳатто Беларус компаниялари ҳам бор. Бундан ташқари соҳадаги барча корхоналар ўз чиқишларини намойиш этишмоқда. Бу сайиллар ёшларга АКТ соҳасида фақат компьютерда ўтиришни эмас, балки ўзбекона урф-одатларни сингдириш, ўз тарихини англатишга хизмат қилади”.

Шодиёнага келган талабалар ўқиш билан биргаликда ишлаб тажриба орттириш учун бўш иш ўринлари кўргазмаси доирасида иш топишганини таъкидлашди.