Ўзбекистон очиқ сиёсат йўлини танлаганидан бери ҳар соҳада ташқи дунё билан интеграциялашишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг бир йўналиши сифатида инсон ресурсига инвестиция қилишга алоҳида аҳамият бериляпти. Президент хориж мамлакатларига ташриф буюрар экан, у ердаги ватандошларимиз билан учрашиб, юрт тараққиётига биргаликда ҳисса қўшишга чорламоқда.

«Буюк келажак» гуруҳи ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Амалга оширилаётган ҳаракатлар натижасида юртдошларимиз Ўзбекистонга қайтиб келмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо кўринмас ва кераксиз тўсиқлар билан ортиқча «ҳимояланган» тизим «олтинбош»лар ўз юртига келиб ишлашини қийинлаштиряпти. Ёш ва интилувчан, халқаро даражада тан олинган ўзбек олимлари ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман деб келсаю, унинг илмий даражаси тан олинмаслиги ёки асоссиз равишда кечиктирилишидан ким манфаатдор бўлиши мумкин?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари, Япониянинг Кобе университети ҳуқуқ докторлари Ҳусаин Раджапов ва Отабек Нарзиев ёш олимларнинг илмий даража нострификацияси жараёнидаги ортиқча тўсиқлар ҳақида фикр билдиришди.

«Хориж илмий даражаларини тан олиш ва нострификациялаш низоми маънан эскирган. Янги қарор лойиҳасида ҳам бўшлиқлар бор»

19 йил олдин «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги Низом ҳозиргача амалда ишлаб келмоқда ва у ҳозирги кун ислоҳотлари талабига жавоб бермайди, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан анча эскирган.

Мисол сифатида, илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш жараёни 2-3 ой, қўшимча сифатида яна 3 ойга чўзилиши белгиланган. Аммо бу узоқ муддат янаям узайтирилаётгани амалиётда учраяпти. Ушбу камчиликлар ваколатли орган – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан ўрганилиб, бошқа таклифлар инобатга олинган ҳолда янги қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди. Ушбу ҳужжатда айрим ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилган бўлсада, хориждаги мутахассисларни жалб этиш учун концептуал янгилик белгиланмаган.

Масалан, мутахассиснинг хориждан келмасдан туриб, яъни у ердаги фаолиятидан узилмаган ҳолда ОАКга ҳужжатларини онлайн топшириб, нострификация жараёнини бошлаш имконияти назарда тутилмаган. Бунда мутахассиснинг онлайн аризаси ва илова қилинган электрон ҳужжатлари асосида ОАК нострификация жараёнини бошлайди. Тегишли қарор қабул қилингандан кейин номзод Ўзбекистонга келиб ҳужжатларининг асл нусхасини тақдим қилиш орқали хориждаги илмий даражаси нострификация қилинишига эришиши мумкин.