Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Kun.uz сайтида «Каттақўрғонда магистрал газ қувури яқинида жойлашган ўнлаб уйлар бузилишга тушган — аҳоли бундан кескин норози» сарлавҳаси остида мақола ҳамда видео лавҳа эълон қилинди.
Ушбу мақола юзасидан таҳририятимизга «Зирабулоқ» магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи Меҳриддин Ўтагановдан муносабат келиб тушди.
«Дарҳақиқат, унда кўтарилган муаммоли масалалар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. У йиллар давомида сиз-у биз, аҳолининг ўзбошимчалиги, кенг жамоатчилик, маҳалла ва бошқа давлат идоралари масъул ходимларининг эътиборсизлиги оқибатида келиб чиқмоқда, десак ҳақиқатни айтган бўламиз», деб бошланади муносабат.
«Kun.uz сайти орқали эълон қилинган материалларда аҳолининг ҳақли ва ноҳақ эътирозлари, газ қувурининг хавфлилик даражаси, давлат идоралари ходимлари, жумладан, «Зирабулоқ» магистрал газ қувурлари бошқармаси Самарқанд таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлимининг масъул вакилларининг гўё неча йиллардан буён аҳолининг тинчини бузиб келаётгани холис баён этилган.

Айни пайтда улар ҳақида яна қайта тўхталиб ўтишга хожат йўқ, деб ўйлайман. Бироқ Kun.uz мухбирининг масъул ходимамиз Нигора Хушвақтова билан шунчаки телефон орқали мулоқот қилибгина қолмасдан, мулоқотда таъкидланганидек, расмий мурожаат билан келиб, учрашиб, бу борадаги муаммоларга ойдинлик киритган ҳолда тўлалигича ёритилганда мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ҳақда ўзимиз тўхталиб ўтишни маъқул топдик.

«Жарқоқ – Бухоро – Самарқанд – Тошкент» магистрал газ қувури (Меҳнаткашлар депутатлари Самарқанд область Совети ижроия комитети)нинг 1959 йил 21 сентябрдаги №24/460-с-сонли қарорига асосан 1959 йилда Каттақўрғон ҳудудидан ўтказилган бўлиб (протокол №12 Заседания Исполнительного комитета Каттакурганского районного совета депутатов от 28 апреля 1959 года), унга асосан ўша пайтдаги Крупская номидаги колхоз ҳудудидан магистрал газ қувури ўтказиш вақтида яшаб турган 12та хўжаликка компенсация пуллари тўлаб берилган.
Шу билан бирга, магистрал газ қувури 1959-1960 йилларда ўтказиш вақтида Каттақўрғон туманидаги собиқ Крупская номли, «Коммунизм», Калинин номли, «Ленинизм» колхозларининг экин майдонларини ҳам кесиб ўтгани боис ҳатто фермер хўжаликларига ҳам компенсация тўлаб берилган.





















