Жамият | 10:13 / 01.08.2024
4561
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда Nexia уриб кетиши оқибатида эркак ва унинг 4 ёшли қизи ҳалок бўлди

Эркак велосипедда 7 ва 4 ёшли қизларини миндирган ҳолда йўл четида ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Маст ҳолатда Nexia машинасини бошқариб келган ҳайдовчи уларни уриб юборган. Оқибатда ота ва кичик қиз воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи қамоққа олинган.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида инсонлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ЙТҲ 2024 йилнинг 14 июл куни соат 13:20 ларда туманнинг Боғот маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 1980 йилда туғилган Ш.Қ. «Боғот – Жарбоши» автомобил йўлининг «Боғот» йўналишида маст ҳолатда Nexia машинасини бошқариб бориб, ўзи билан бир йўналишда йўлнинг четки қисмида икки нафар вояга етмаган фарзандини миндирган ҳолда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Ў.Қ.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида Ў.Қ. ҳамда унинг 2019 йилда туғилган қизи А.Р. ҳодиса жойида вафот этган. 2017 йилда туғилган иккинчи қизи Р.Р. эса тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Ш.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Аввалроқ Фарғонада 4 пиёданинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 9 йилга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид