Тошкент метросида жетонлардан фойдаланилаётгани депутат танқидига сабаб бўлди
Бугун Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида катта эътибор қаратилаётган соҳалардан бири транспорт тармоғидир, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ёрмамат Холиёров.
Айтилишича, кўп йиллар олдин лойиҳалаштирилиб, аммо амалга оширилиши орқага сурилиб келаётган метро қурилиши бўйича 3 та йирик лойиҳа – “Сергели”, “Юнусобод” ҳамда ерусти ҳалқа метро йўлининг давом эттирилаётгани, бундай метроларни қуриш учун энг замонавий ерости бурғиловчи қурилмаларнинг келтирилиши муҳим воқелик бўлди.
“Энг муҳими, соҳада жуда катта ўзгаришлар бўляпти. Аммо, барча соҳада кечаётган янгиланишлар, замонавийлик Тошкент метрополитенини четлаб ўтаётгани ачинарли, деб ўйлайман.
Масалан, бугун бутун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланиляпти. Ҳаттоки, мобиль смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилмоқда. Бугунги кунда алоқасиз тўлов тизими Лондон, Прага, Сингапур, Киев ва Санкт-Петербург каби дунёнинг кўплаб шаҳарларида ишлайди.
Тошкент метрополитенида эса, ҳали-ҳануз жетонлардан фойдаланилаётгани бу каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, эскича қарашлардан воз кеча олмаётганимизнинг яққол далилидир.
Туризм ҳақида бонг урамиз. Аммо сайёҳликнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланган транспорт инфратузилмаларини жаҳон стандартлари асосида ташкил қилиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш кўпинча хаёлимизга ҳам келмаяпти. Буни Тошкент метрополитени мисолида ҳам яққол кўряпмиз. Ахир бу ҳам ўзгараётган Ўзбекистоннинг имижи учун яхши бир восита бўлиши мумкин-ку. Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга, энг муҳими, халқимизга замонавий хизмат кўрсатиш, ҳар жабҳада ривожланган давлатлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиш лозим эмасми?” - дейди депутат.
Қайд этилишича, бугун дунёнинг кўплаб давлатлари аэропортларида қўлланилиб келаётган ҳаракатланувчи йўлаклар (траволатор) каби янгиликларни жорий этиш керак.
Шунингдек, депутатнинг ёзишича, Японияда йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган поезд ва платформа ўртасига ўрнатилган “электрон ҳаракатланувчи тўсиқ”лар каби янгиликларни Тошкент метрополитени раҳбарияти ҳам ўйлаб кўриши лозим.
“Албатта, соҳадаги ўзгаришларга ваколатли орган сифатида Транспорт вазирлиги ташкил этилгани бу борада етарли даражада эътиборни кучайтиришни талаб этади. Нега биз ривожланган давлатларда қўлланилаётган тажрибани мамлакатимиз пойтахтидаги транспорт тизимига жорий этишимиз қийин бўляпти? Ахир бугун пойтахт аҳолиси аллақачон мобиль тизими орқали тўловларни амалга оширишга, интернет дўконлардан савдо қилишга, бир-бирига пул ўтказмаларни ҳам электрон тизимда амалга оширишга ўрганди.
Лекин йўловчи транспорти, автобус ва метро, қолаверса, республикамиздаги бошқа транспорт тизимида бундай имкониятлар мавжуд эмас. Депутатларнинг жойларда аҳоли билан бўлган учрашувлар жараёнида мамлакатимизда транспорт соҳасини ислоҳ қилишда кучли туртки зарурлиги, эскича қараш ва қолиплардан воз кечиб, янгилик томон интилиш кераклиги тез-тез такрорланмоқда. Шу боис, аҳолини ўйлантираётган бу каби масалаларга ваколатли давлат органи — Транспорт вазирлиги алоҳида эътибор қаратиши, зарур бўлса, бу масалани парламентда муҳокама этишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз”, - дейди депутат.
Мавзуга оид
12:23 / 14.04.2022
Тошкент метроси аҳолидан жетонларни харид қилиши ҳақида эълон берди
16:13 / 24.11.2021
1 декабрдан метрода жетонларни қабул қилиш тўхтатилади
12:41 / 29.04.2021
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги метро хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлади
12:03 / 23.11.2020