Бундан бир ярим йил муқаддам, 2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда «Buyuk kelajak» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти ўз фаолиятини бошлаган эди. Мазкур муассаса президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижда яшаётган ўзбекистонликлар мамлакатдаги ислоҳотларга дахлдор бўлиши учун қилган чорловларига нисбатан жавобан ташкил этилган.

Илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон бозорларини холисона таҳлил қилиш, дунёнинг етакчи мутахассисларининг шахсий тажрибаси негизида қурилган ташкилот қисқа вақт ичида кенг жамоатчилик назарига тушди.

Ташкилотнинг турли соҳаларда бой тажрибага эга ва етакчи мутахассисларидан иборат Эксперт кенгаши дунёнинг 20дан ортиқ нуқталарида – АҚШ, Германия, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Дания, Швейцария, БАА, Саудия Арабистони, Хитой, Сингапур, Япония, Туркия, Қозоғистон, Финляндия ва Россия каби давлатларда истиқомат қилаётган 300 нафардан кўпроқ малакали кадрларни ўзида бирлаштирди.

Тошкентдан ташқари Москва, Дубай, Брюссель, Нью-Йорк ва Лондонда ҳам ваколатхоналарига эга «Buyuk kelajak» Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқиш ҳамда бу модель амалга оширилишига кўмаклашишни бош мақсад ва вазифа сифатида белгилаб олган.

Аммо сўнгги вақтларда ташкилотнинг қатор экспертлари уни бирин-кетин тарк этаётгани жамоатчиликда саволлар туғдирмоқда. Дастлаб, 10 сентябрь куни ўн нафар экспертнинг жамоавий баёноти кўпчиликни сергак торттирди:

«Қадрли дўстлар, «Buyuk kelajak» халқаро нодавлат–нотижорат ташкилоти ташкил этилганда биз Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун имкон яратилганидан хурсанд бўлгандик. Биз барчамиз Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини яратиш бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этдик, ишлаб чиқдик. Биз «Buyuk kelajak» ХННТнинг иккита форумида ва бошқа кўплаб тадбирларда онлайн равишда ва шахсан иштирок этдик.

Минг афсус билан ташкилот ичидаги айрим сабабларга кўра, биз мазкур ташкилот доирасидан чиқамиз, аммо мамлакат тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.

Имкониятдан фойдаланиб, «Buyuk kelajak» ХННТ экспертлари ва ходимларига, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва қўмиталар вакилларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларига ва энг муҳими, «Ўзбекистон-2035» стратегиясини ишлаб чиқишга ҳисса қўшган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Биз бирлашишимиз ва Ўзбекистонни ривожлантириш мақсадида бор кучимизни сарфлаш учун имконият яратган ушбу лойиҳанинг ҳомийсига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдирамиз».