Жамият | 09:22 / 24.09.2019
16271
2 дақиқада ўқилади

Учқудуқда содир этилган босқинчилик фош этилди

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани Ички ишлар бўлимига шу туманнинг Геологлар кўчасидаги хонадонга икки нафар номаълум шахс ўзларини коммунал хизмати ходимлари деб алдаб киришгани, ушбу хонадон эгасининг фарзанди уйда ёлғиз қолганидан фойдаланиб, унинг қўлларини скотч билан боғлаб, босқинчилик жинояти содир этишгани ва хонадондан 26 млн. 500 минг сўм пул ҳамда “Samsung J-4” русумли мобиль аппарати олиб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси маълумотида айтилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Зудлик билан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу босқинчилик жиноятини содир этган 1994 йилда туғилган Ф.Ф. ва 1993 йилда туғилган А.Ш. ва жиноят содир этиш учун қулай шароит ва бошқа маълумотлар ҳақида хабар бериб турган, хонадон эгаси билан бирга ишловчи 1994 йилда туғилган Э.Ф.лар қўлга олинган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Гумон қилинувчиларнинг яшаш уйлари текширилганда, уларнинг уйларида сақланаётган пуллар, иккита мобиль аппарати ва жиноят содир этишда фойдаланиладиган буюмлар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид