Журналист Карим Баҳриев ўзбекистонликларнинг энг жиддий муаммоларидан бири - прописка тизимининг мантиқсизлиги ва салбий оқибатлари хусусида фикр юритди.

  • Прописка ўзи нима?
  • Прописка қачон пайдо бўлган?
  • Нима учун керак?!
  • Прописка бекор қилинса, нима бўлади?

Охирги пайтлар «прописка» мавзуси тез-тез тилга олинмоқда. У бизга қаердан келган? Прописка — биз асоратидан қутулишга интилаётган мустамлакачи ва тоталитар совет тузумнинг асорати. Мустақилликка эришган бир озод мамлакат нега собиқ тузумнинг бутун дунёда бўлмаган, постсовет давлатлар ҳам аллақачон йўқ қилган бу жирканч асоратидан ҳамон қутула олмаяпти?

«Умрбоқий ва ўлмас тизим...»

Яқин икки асрлик тарихимизда тузумлар ўзгарди – аввал чоризм (мутлақ монархия) зулми остида бўлдик, кейин – ҳарбий коммунизм, сўнг – социализм ва ниҳоят, мустақиллик даври келди. Оқ пошшолар, доҳийлар, марказқўм бош котиблари ва президентлар ўрни алмашаверди, аммо ўрис чоризмидан келаётган «прописка» тизими қолавермоқда.

Прописканинг номи турли даврларда турлича аталса-да, унинг моҳияти ўзгармади – ҳукмдор унга итоат қиладиган халқ қай ерда эканини билиши керак. Истаса, Конституцияда эркин кўчиб юриш назарда тутилган бўлса-да, халқнинг кўчиш эркини чегаралаши лозим. Инсонга мулк сифатида қарайди бундай тизим – кўчиб юрувчи инсонни «кўчмас мулк»ка айлантиради, бир ерга дарахт каби «экиб» қўяди.

Бюрократизмнинг абадий «қадрияти» бўлган прописка турли кўринишларга эврилиб яшаб келади.

XVII асрда Россия тахтига Романовлар сулоласи келгач, халқнинг бир ердан иккинчи ерга бориш ҳуқуқини тобора қатъий чегаралаш бошланганди, 1649 йилги Собор Тузуклари батракларнинг кўчиш эркини умуман йўқ қилди. Халқ бойларнинг мулкига айланди.

1721 йили Петр I доимий яшаш ерини тарк этган батраклар учун мажбурий паспортлар жорий этди ва шу тариқа паспорт тизими юзага келди.

СССРда бор эди бу прописка – ўз яшаш жойингни ўзгартиришга рухсат берадиган бир изн эди у. Владимир Ленин октябрь тўнтаришидан олдин Россия империясида мавжуд бўлган прописка институтига қарши эди. 1903 йили ёзган «Қашшоқ қишлоқликларга» аталган мақоласида: «Биз, социал-демократлар халқ учун кўчиб ўтиш ва ҳунар билан машғул бўлишнинг тўла эркинлигини талаб қиламиз... Россияда паспорт пропискаси йўқолсин ва ҳеч бир амалдор, ҳеч бир жайдари бошлиқ ҳеч бир инсонга истаган ерида яшаш ва ишлашга тўсқинлик қила олмасин».