Ўзбекистон | 20:57 / 25.09.2019
12041
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги бу йил «Обод қишлоқ» дастурига ажратилган маблағлар қай тарзда назорат қилинишини маълум қилди

Бугун, 25 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Президент қарорида тасдиқланган «Обод қишлоқ» дастури ижросини таъминлашда масъул вазирликларнинг ҳисоботи тингланди. Молия вазирлиги ҳудудлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Мурод Давлатов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурига ажратилган маблағлар сарфланиши қай тартибда назоратга олиниши ҳақида маълумот берди.

«Маблағ назорати Давлат молиявий назорат бошқармаси томонидан амалга оширилади. Ҳар бир объект учун юридик шахс ҳисоб рақами очилади ва унга маблағ йўналтирилади ва унинг мақсадли сарфланиши доимий мониторинг қилиб борилади. Қонунбузилиш ҳолатлари юзага келганда тезда чора кўрилади. Масалан, Жиззах вилояти Қуйитош қўрғонига ажратилган маблағлар қай тартибда сарфланаётгани ўрганилганда 68 млн. сўм камомад аниқланди ва ҳуқуқ-тартибот органларига хабар қилинди», дея Мурод Давлатовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Муродовнинг қўшимча қилишича, 2019 йил учун «Обод қишлоқ» дастури доирасида давлат ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан жами 2 трлн 233 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Шундан маҳаллий бюджетдан 704 млрд, республика инвестиция доирасида 1 трлн 21 млрд сўм, шунингдек, қўшимча маблағлар ҳисобидан 808 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ҳозиргача 2 трлн 146 млрд сўм (маблағларнинг 81 фоизи) маблағ берилди. Жумладан, йўллар қурилишига 11 млрд сўм, ичимлик суви ва оқова сув иншоотларини реконструкция қилиш учун 368 млрд сўм, ирригация ва мелиорация объектларини учун 6 млрд сўм, ободонлаштириш ишларига 24 млрд сўм маблағи йўналтирилди. «Обод маҳалла» дастури бўйича эса 653 млрд сўм берилиши белгиланди.

Мавзуга оид