Спорт | 16:30 / 26.09.2019
23871
16 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Юрген Клопп туширган қовунлари, ўша машҳур гол, Common Goal лойиҳаси ва бошқалар ҳақида

Куни кеча, ФИФА «The Best» тадбирини ташкиллаштирди ва ўтган мавсумнинг энг яхшиларини эътироф этди. Энг яхши футболчи, энг чиройли гол ва ҳоказо номинациялар бироз баҳсли, айнан ким бунга лойиқ экани ҳақидаги баҳслар ҳали ҳам давом этаётган бўлса-да, айнан мураббий масаласида эътироз кам. Клублар футболининг энг нуфузли совринини боши узра кўтарган Юрген Клопп бу эътирофга сазовор бўлди. Кейин эса, ҳаммамиз учун таниш бўлган ThePlayersTribune лойиҳаси ушбу ажойиб мураббий ҳикоясини тинглади.

«Аввало, бироз уятли ҳикоядан бошласам, зеро баъзида қўрқиб кетаман – дунё мураббий ва футболчиларга худди бир илоҳлар ёки қаҳрамонлардек қарашади. Насроний сифатида, мен фақат бир Худога ишонаман ва айтишим мумкинки, у футбол оламидан эмас. Ҳақиқат шундаки, биз кўп хато қиламиз. Бир пайтлар, ёш мураббий бўлиб юрганимда, шундай хатоларим жуда кўп бўлган. Айтмоқчи бўлган воқеа ҳам шулардан бири.

2011 йил. (Менинг) «Боруссия» «Бавария»га қарши жуда муҳим ўйинда майдонга тушмоқда. Биз адашмасам, йигирма йиллардан бери Мюнхенда ғалаба қозона олмагандик. Менга фильмлар жуда таъсир қилади, агар шогирдларимни қандайдир жунбишга келтирмоқчи бўлсам, Рокки Бальбоа хаёлимга келади. Менимча, бу фильмнинг барча қисмлари мактабларда, алифбо билан биргаликда қўйиб берилиши керак. Агар сен шу фильмни кўрсанг-у, энг баланд чўққига чиқишни орзу қилмасанг, сенда қандайдир муаммо борлигидан даракдир.

Хуллас, «Бавария»га қарши ўйин олдидан барча футболчиларни меҳмонхонага чақирдим. Чироқ ўчиқ эди. Мен уларга вазиятни тушунтирдим, Мюнхендаги сўнгги ғалаба пайтида уларнинг баъзилари памперсларда юрганини айтдим. Кейин «Рокки 4»дан бир нечта лавҳаларни кўрсатдим. Иван Драго ҳақидаги бу серия – ҳақиқий дурдона.

Драго югуриш йўлакчасида, унга бир қатор симлар, компьютерлар, мониторлар уланган, олимлар ўрганишмоқда.

- Кўраяпсизларми, - дедим мен, - «Бавария» бу – Иван Драго. Энг зўрларнинг зўри. Энг зўр технологиялар. Энг зўр машина.

Кейин эса, Роккининг Сибирда, оддий кулбада шуғулланаётганини кўрсатишади. У дарахтларни кесади, қорда ёғочларни ташийди, тоғларга югуриб чиқади – «кўринглар, Рокки – биз. Биз кичикроқмиз. Аммо бизда иштиёқ бор. Бизда чемпионлар юраги бор. Биз қўлимиздан келмайдиган вазифаларни ҳам бажаришга қодирмиз!»

Шу тариқа давом этдим-да, сўзларим болаларга қандай таъсир қилаётганини билиш учун уларга қарадим. Хаёлимда, ҳаммаси ҳис-хаяжонга тўлиб, майдонга отилиб чиқишга тайёр, деб ўйлаяпман. Қаёқда? Улар лавҳаларни бефарқлик билан томоша қилишар, кўзларида бирор маъно ҳам йўқ эди. Агар бу ҳолат фильмдан лавҳа бўлганда, бемалол чигиртканинг чириллашини қўйворсаям бўлаверадиган даражада. Улар менга қараб туришар, кўзларидан «бу тентак одам бизга нималарни тушунтиряпти?» деган маънони уқиш мумкин эди.

Шундагина англаб етдим. Қачон «Рокки 4» чиққанди? 80-йиллардами? Футболчиларим қачон туғилишган?

- Бир дақиқа. Қани, ким Рокки Бальбоа кимлигини билади, қўлларингни кўтарингларчи? – дедим ниҳоят.

Икки киши қўл кўтарди – Себастьян Кель ва Патрик Овомойела. Қолганлар: «узр, босс, хабаримиз йўқ».

Бутун нутқим ҳавога кетди. Бу эса, мавсумнинг энг муҳим ўйини. Балки баъзи йигитлар учун ҳаётидаги энг аҳамиятли баҳс. Ва мураббий сўнгги ўн дақиқадаги қаердаги совет технологиялари ва Сибир ҳақида валдираб ўтирибди. Ҳа-ҳа-ҳа! Бунга ишониш мумкинми? Энди ҳаммасини бошидан бошлаш керак.

Ҳаёт шу. Бундай воқеалар кўп бўлиб туради. Баъзида шунақа бироз уятли ҳолатга тушиб қолишимизга тўғри келади. Гўёки футбол тарихидаги энг буюк нутқлардан бирини айтяпсан, аслида эса, аҳмоқона гаплар... Аммо эртасига уйғонамиз ва ишимизда давом этамиз.

Бу ерда энг ғалати ҳолат нима, биласизми? Рости, мен ўша ўйинни кейин ютганмизми ёки йўқми, эслай ҳам олмайман. Чамамда, бу 2011 йилда, 3:1 ҳисобидаги ғалабамиздан олдин айтгандим, агар шундай бўлса, ажойиб ҳикоя бўларди, лекин аниқ эслолмайман. Кўпчилик шуни тушунмайди, ҳақиқатан ҳам, натижалар хотирада чалкаш чулкаш бўлиб кетади, аммо ўша йигитлар, мана шундай воқеалар, кичик бўлсаям, муҳим бўлиб қолаверади. Ҳеч қачон унутилмайди.

Куни кеча мен ФИФА талқини бўйича дунёнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилдим. Лекин менга бунақа совринлар билан саҳнада бир ўзим туришим ёқмайди. Нимагаки эришган бўлсам, бунда атрофимдаги инсонларнинг ҳиссаси катта. Нафақат футболчилар, оилам ҳам, ўғилларим, умуман энг бошидан, мен оддий инсон бўлиб юрган пайтимдан ёнимда бўлган барчанинг улуши бор. 

Ростан ҳам, жуда ҳам оддий одам эдим. Агар йигирма ёшимда кимдир келиб, келажакда мана шу воқеалар бўлишини айтганида, бир сония бўлса ҳам ишонмасдим. Ҳатто ўша Майкл Жей Фокс келажакдан келиб, ҳаммасини гапириб берганда ҳам, бу умуман иложсиз эканини айтган бўлардим.

Аммо ўша 20 ёшимда ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборган палла бўлганди. Мен ўзим ҳали ёш бола, лекин ота бўлган куним эди. Бунинг учун мукаммал вазият эмас, мен оддий талаба, ҳаваскорлар лигасида футбол ўйнаб юрардим. Ўқиш тўловини қилиш учун кинотеатрларда қўйиладиган кинолар сақланадиган бир омборда ишлардим. Ёшлар учун тушунтираман, бу DVD-дисклар эмас. У пайтлар, 80-йиллар охири, барчаси ленталарда бўларди. Юк машиналари эрталаб соат 6да келар, янги киноларни ортиб, манзилига равона бўларди. Табиийки, бу катта машиналарга юк ташиш бизнинг чекимизга тушарди. Айниқса, масалан, «Бен Хур» каби, тўртта ғалтак бўладиган узун фильмлар қўйишмасин-да бугун, деб дуо ҳам қилиб қўярдик.

Кунига тўрт соат уйқу, барвақт туриб омборга, кейин ўқишга кетардим. Кечки пайт футбол билан шуғулланар, уйга келиб, ўғлим билан вақт ўтказиш имкони жуда кам қоларди. Оғир, аммо ўша даврлар мени ҳақиқий ҳаёт учун тайёрлаган.

Жуда эрта улғайиб, жиддий одамга айланишга тўғри келган. Тенгқурларим кечқурунлари пивохонага чақиришар, ичимда «Ҳа, албатта, бор» деган овоз тинч қўймас, лекин рад қилардим, чунки ўзим учун яшамаяпман. Гўдаклар учун фарқи йўқ, сен чарчаганмисан, уйқунг келяптими, қанақа ҳолатдасан – ахир сенинг ўзинг дунёга келтирган кичкина одамчага ғамхўрлик қиляпсанми, мана бу ҳақиқий вазифа. Мана бу ҳақиқий муаммо. Футбол майдонларида бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолат бунга тенглаша олмайди.

Одамлар мендан нега доим кулиб юришимни сўрашади. Ҳатто баъзида мағлубиятлардан кейин ҳам, интервью бераётиб, жилмаётган бўламан. Жавобим шуки, фарзандим туғилганда, футбол ҳаёт ва ўлим ишларидан жуда узоқ, уларнинг олдида жуда майда машғулот эканини англаб етгандим. Биз бировнинг ҳаётини қутқармаймиз. Футбол атрофга нафрат ва ёмонликни ёймаслиги керак. Футбол инсонларга илҳом, умид ва қувонч тарқатиши керак, айниқса, болаларга.

Оддик юмалоқ тўп инсон тақдирини қай даражада ўзгартириб юборганини гувоҳиман. Салоҳ, Мане, Фирмино ва бошқа йигитларнинг бугунги даражага етиб келишларидаги йўллари ажойиб. Улар кўрган кечирганлари олдида, менинг Германиядаги ёшлигим ҳеч нарса эмас. Улар юзлаб маротаба таслим бўлишлари мумкин эди, лекин бундай қилмадилар. Ҳа, улар авлиё эмас, шунчаки, ҳеч қачон ўз орзуларидан воз кечмаганлар.

Менимча, футболда муваффақиятнинг 98 фоизи омадсизларни енга олиш ва мағлубиятлардан кейинги кунларда ҳам завқ ола билишдир. Мен илк бошдан хатолардан ўрганардим. 2001 йилда, ўзим ўн йил давомида тўп сурган «Майнц»да ишлай бошладим. Муаммо шунда эдики, жамоадаги йигитлар ўзим билан бирга тўп сурган дўстларим эди, энди эса, бирданига босс бўлиб қолдим. Улар эса, ҳали ҳам мени «Клоппо» деб чақиришади. 

Илк ўйинга асосий таркибни танлар эканман, уларнинг ҳар бири билан гаплашиш, таркибда борми ёки йўқлигини ҳар бирига юзма-юз айтишни лозим топдим. Жуда ёмон режа эди, хонада биз икки кишидан турардик. Тасаввур қилинг, бир хонага кираманда, икки йигитни олдида, бирига асосий таркибда эканини айтаман, кейин эса, ўгирилиб, шеригига «узр, сен захирадан бошлайсан», дейман. Бу хато эканини дарров пайқадим, улар «Клоппо, нега ахир?» деб сўрар, мен эса, нима дейишни билмай, майдонда фақат 11 киши тўп суришидан бошқа жўяли жавоб тополмасдим. Афсуски, бундай ҳолатга камида 8 марта тушдим – 18 футболчи 2 нафардан тўққиз хонада. Икки йигит, бири асосий таркибда, шериги йўқ. Ҳар сафар – «Клоппо, ахир нега?»  

Бу ўзига яраша қийноқ эди. Мураббий сифатида илк қовун туширишим. Нимаям қилардик? Хатони тан оласан, эртага такрорламаслик ҳақида ўйлайсан, аммо бошқа хатолар ҳам бўлади. Жуда кўп марта. Ҳали ҳам ишонмасангиз, эсланг, ахир менинг энг катта мураббийлик ғалабам ҳам улкан муваффақиятсизликдан пайдо бўлган-ку?!

«Камп Ноу»да ярим финалда «Барселона»га 0:3 ҳисобида ютқазиш – тасаввур қилиш мумкин бўлган энг ёмон вазият. Жавоб ўйинига ҳозирлик кўраётганимизда, болалар билан жуда оддий гаплашдим. Ҳеч қанақа Рокки ҳам йўқ. Асосан тактика ҳақида.

«Биз дунёнинг энг яхши икки ҳужумчисисиз ўйнаймиз. Кўпчилик бизда имконият умуман йўқ, деб ўйлаётган бўлса керак. Ростини айтганда, ростан ҳам имконсиз. Лекин бу сизнинг қўлингизда, демак, шунинг ўзи ҳам биз учун имконият», – дедим мен.

Ростан ҳам, мен бунга ишонардим. Гап уларнинг қай даражада кучли эканликларида эмас. Гап улар ҳаётда бундан бадтар қийинчиликларни енгиб ўтишганида. «Ютқазсак ҳам, чиройли ютқазайлик» – деб қўшимча қилиб қўйдим.

Гапириш осон. Мен шунчаки, майдон четида бақириб турадиган одамман, холос. Футболчилар учун бу қийинроқ, чунки гапириш эмас, амалга ошириш ҳам керак. Лекин улар менинг йигитларим, улар ва яна ўйингоҳдаги 54 минг мухлис энг оғир вазифанинг уддасидан чиқдик. Футболнинг яхши томони ҳам шу – бир ўзинг ҳеч нарса қила олмайсан. Ҳеч нарса, ишонавер!

Афсуски, Чемпионлар Лигаси тарихига кирган ўша ажойиб вазиятни кўрмай қолдим. Кўра олмадим. Трент Александр-Арнолднинг бурчак зарбаси амалга ошаётганда қарамай қолибман, ишонасизми? Ҳа, тўп майдон ташқарисига чиқиб кетганини кўрдим. Шакири унинг орқасидан кетди. Кейин мен ўгирилдим, чунки захирадан ўйинчи туширишга ҳаракат қилаётгандик. Ёрдамчим билан гаплашиб турсам...

Биласизми, ўша вазиятни ҳозир эсласам ҳам, этларим жимирлаб кетади. Жуда баланд ҳайқириқни эшитдим, қарасам, тўп дарвозага кириб кетмоқда. Ўриндиққа ўгирилдим, Бен Вудбернга қарадим, у эса, «нималар бўляпти?» деб сўрайди. «Билмасам!»

«Энфилд» ақлдан озиб қолганди. Қулоғим остида Пеп Лийндерснинг «биз ўйинчи алмаштирамизми?» деган сўзлари. Ҳа-ҳа-ҳа. У бу гапни қандай оҳангда айтганиям эсимдан чиқмайди. Унутмасам керак.

Тасаввур қиляпсизми? Ўн саккиз йил мураббийлик, футбол кўриб ўтказган миллионлаб соатлар, лекин мен майдонда амалга ошган энг катта айёрликни кўра олмай қолдим. Ўша кеча, Дивокнинг голини, адашмасам, 500 минг маротаба такроран томоша қилдим. Ўз кўзларим билан тўпнинг дарвозага кираётганини.

Ўйиндан кейин ўз хонамга қайтганимда, ҳатто бирор бокал пиво ҳам ичмадим. Шунчаки, истамадим ва керак ҳам эмасди. Сокинликда, қўлимда бир шиша сувни ушлаганча кулиб ўтирардим. Бу туйғуни сўз билан ифодалаб беролмайман. Уйга қайтганимда яқинларим тўпланишган, катта бир базм уюштиришни ўйлашаётганди. Лекин шунақа чарчагандимки, бир ўзим ётоқхонага кириб кетдим. Барча эмоциямни, энергиямни сарфлаб бўлгандим, ҳеч нарса қолмаганди.

Бу менинг ҳаётимдаги энг зўр туш. Энг зўр ҳолат эса, эрталаб турасан-да, «буларнинг ҳаммаси рост, содир бўлди» дейсан. Мен учун футбол кинодан ҳам кўпроқ илҳом берадиган ягона нарса. Сеҳр амалга ошди, ниҳоят биз Драгони ағанатдик. Ҳаммаси ҳақиқатда бўлиб ўтди.

Мен ҳамон ўша эмоциялардан тўлиқ чиқиб кетганим йўқ, ўша кунги ҳислар ҳали ҳам миямда айланиб юрибди. Футбол менга ҳаётимдаги барча нарсани берди, ўз навбатида, мен ҳам ниманидир дунё билан бўлишишим керак. Айтишга осон албатта, аммо нимадир қилиш керак.

Сўнгги йилларда Common Goal лойиҳаси, Хуан Мата, Матс Ҳуммельс, Меган Рапинонинг бу лойиҳага хизмат қилаётганлари менга илҳом бахш этарди. Хабарингиз йўқ бўлса айтай, бу шундай ҳаракатки, 120дан ортиқ футболчи ўз маошларининг 1 фоизини нодавлат футбол ташкилотларига ажратадилар, бу дастур ёрдамда Жанубий Африкада, Зимбабве, Камбожа, Ҳиндистон, Колумбия, Буюк Британия ва яна бир қатор давлатларда улкан ишлар амалга оширилди. Бу шунчаки, бир гуруҳ пулдор футболчиларнинг эрмаги эмас, ахир Канада аёллар терма жамоасининг бутун таркиби, Япония, Шотландия, Кения, Португалия, Ганадан ҳам қўшилишди. Бундай ишларни эътиборсиз қолдириб бўлармиди?

Мен ҳам бу ажойиб лойиҳанинг бир қисми бўлишни истайман ва 1 фоиз йиллик маошимни Common Goal’га ўтказаман. Умид қиламанки, яна жуда кўп футбол кишилари менга эргашадилар.

Келинг, тан олайлик, дўстлар, биз омадлимиз. Жуда омадимиз келган. Биз каби имтиёзга энг бўлган инсонлар бўлишишлари шарт. Ахир ўз ҳаётларида ягона бўлса ҳам имконият кутиб ётган минглаб болакайлар бор. Ўз вақтида, ўз муаммоларимиз гирдобида бизга қандай қийин бўлганини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Биз, футбол одамлари ўралиб олган қобиқ ҳақиқий ҳаёт эмас. Кечирасиз-у, футбол майдонида бўлаётган ҳар қандай вазият ҳақиқий муаммо эмас, аслида. Бундай ажойиб ўйиннинг фақат даромад ва совринлардан ташқари, ўз мақсади, ғояси бўлиши керак, шундай эмасми?  

Ўйлаб кўринг, ҳаммамиз биргаликда, ҳар биримизнинг маошимиздан бир фоиздан ажратсак, дунё ҳозиргидан бироз бўлса-да, яхшироқ бўларди. Балки мен бироз соддадирман. Балки шунчаки, қари тентак, хаёлпарастдирман.

Лекин футбол ким учун?

Ҳаммамиз жуда яхши биламизки, бу ўйин – хаёлпарастлар учун»

Юрген Клопп

ThePlayersTribune

Мавзуга оид