Ўзбекистон | 20:36 / 27.09.2019
19562
2 дақиқада ўқилади

«Давлат органлари нафақат фуқаролар учун, балки бошқа ҳукумат ташкилотлари учун ҳам ёпиқ» — Эксперт

Бугун, 27 сентябрь куни, Тошкентдаги Инҳа университетида «ICT Week – Uzbekistan 2019» ҳафталиги доирасида «Open Data Tashkent 2019» халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Давлат статистика қўмитаси, Жаҳон Банки, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Президент ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари иштирок этишди ва давлат органларининг очиқлигини таъминлашда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида фикр билдиришди.  

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори консултанти Азимиддин Раҳматов Ўзбекистонда давлат органларининг очиқлигига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақида фикр билдирди.

«Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг маълумот узатишда очиқлигига тўсқинлик қилувчи қатор омиллар бор. Биринчидан, мавжуд норматив-ҳуқуқий ва методологик база замон талабларига жавоб бермайди. Иккинчидан, очиқ маълумотлар мониторинги тизими шакллантирилмагани. Учинчидан, давлат ташкилотлари нафақат фуқаролар ва бизнес учун, балки бошқа ҳукумат органлари учун ҳам ёпиқлигидир. Вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак? Энг катта вазифа очиқ маълумотларни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси концепциясини ишлаб чиқиш зарурати. Шунингдек, фуқароларнинг ҳукумат органларига ишончини қайтариш керак. Давлат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш орқали мустаҳкам фуқаролик жамиятини барпо қилиш имконияти пайдо бўлади. Бунга эришиш учун очиқ маълумотлар экотизимини яратиш лозим», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Раҳматовнинг таъкидлашича, соҳада ишлаб чиқилиши керак бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда очиқ ва ёпиқ маълумотлар аниқ кўрсатилиши, халқаро ҳуқуқий нормаларни қабул қилиш, тақиқланган маълумотларни ошкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши керак.

Мавзуга оид