Ўзбекистон | 21:12 / 27.09.2019
19246
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда очиқ маълумотларни тақдим этмаслик миллий хавфсизликни таъминлаш ниқоби остига яширилади» - Жаҳон Банки эксперти

Бугун, 27 сентябрь куни, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «Open Data Tashkent 2019» очиқ маълумотлар халқаро конференцияси ўтказилди. Анжуманда маҳаллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистонда очиқ маълумотларни ривожлантириш, ушбу соҳадаги муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш йўлларини ўрганиш, очиқ маълумотлар портали фаолияти бўйича халқаро тажрибани ўзлаштириш масалалари ўзаро муҳокама этилди.

Жаҳон Банкининг рақамли бошқарув бўйича бош консултанти Влад Маноил Ўзбекистонда очиқ маълумотлар бўйича фикр билдирди.

«Ўзбекистонда очиқ маълумотларни тарқатишда сўнгги 3 йилда ижобий ўзгаришлар қилинган бўлса ҳам баъзи давлат ташкилотлари маълумотлар очиқланишига қаршилик билдирмоқда. Афсуски, очиқ маълумотлар дастури айрим давлат органлари томонидан жиддий қабул қилинмаяпти. Шу билан бир қаторда, очиқ маълумотлардан фойдаланувчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилмаган. Кўриниб турган камчиликлардан бири очиқ маълумотларнинг кўп қисми қоғоз шаклидалиги. Бу маълумотларни таҳрирлаш, анонимлигини таъминлашга тўсқинлик қилади. Очиқ маълумотларни ошкор этмаслик миллий хавфсизлик, киберхавфсизлик, шахс дахлсизлигига таҳдидларнинг олдини олади, дея нотўғри талқин қилинади. Бу соҳада тўғри бошқарув йўлга қўйилмаган».

Влад Маноилнинг қўшимча қилишича, маълумотларнинг очиқлиги томон бошланғич қадамлар ташланяпти, талаблар ошиб боряпти, лекин маълумотларни таҳлил қилишда давлат органларининг имкониятлари чекланган. Очиқ маълумотлар бошқаруви бўйича АКТ соҳаси тўлалигича ривожланмаган. Бунда кадрлар салоҳиятини ошириш талаб этилади. 

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид