Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш бўйича бир марталик акция тугалланди. Бироқ турли сабабларга кўра тақдим этилган имкониятлардан фойдаланишга улгурмай қолганлар ҳам бор. Norma ваколатли органларнинг рухсатномасисиз қурилган иморатга мулк ҳуқуқини ҳозирги кунда қандай олиш мумкинлигини кўриб чиқди.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва унинг оқибатлари ҳақида нималарни ёдда тутиш керак?
Турар жой, бошқа қурилма, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк (ФКнинг 212-моддаси) қуйидаги тарзда қурилган бўлса, ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади:
• қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида;
• бунга керакли рухсатномаларни олмасдан ёки архитектура ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларини сезиларли даражада бузган ҳолда қурилган иморат.
Ўзбошимчалик билан иморат қурганлик учун жазо тайинланади. Объектни рўйхатдан ўтказмасдан ва рухсатномасиз қурганлик, қурилиш нормалари ва қоидаларини, ишларни бажариш ва топширишда техник шартларни, объектни ишга тушириш қоидаларини бузганлик учун жарималар солинади (МЖТКнинг 99-моддаси). Қонун ҳужжатларида ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.
Ер ва мол-мулк солиғини ҳисоблашда қўлланиладиган маълумотлар нотўғри бўлиши мумкинлиги сабабли солиқ органлари томонидан эътироз билдирилиши эҳтимолдан холи эмас. Қўшнилар эътироз билдириши, ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганда эса ҳокимиятлар, ноқонуний қурилган иморат ҳуқуқ ва манфаатларини бузаётган бошқа шахслар эътироз билдириши мумкин. Охир-оқибатда суд муҳокамалари ўтказилиши ва суд томонидан иморатни бузиш тўғрисида қарор чиқарилиши мумкин.
Ноқонуний қурилишни сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш ёки бошқа битимларни амалга ошириш мумкин эмас.
Тошкент шаҳар ер ресурслари ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармасида таъкидланишича, амалдаги рухсатнома олиш тартиб-таомиллари қурилиш хавфсизлигини таъминлаш ва қонунга риоя этишга йўналтирилган. Қурилишга тайёргарлик кўришда унинг архитектура кўриниши қандай бўлиши, қурилиш материалларини харид қилишни эмас, балки қурилишнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида ўйлаб кўриш муҳимдир. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2018 йилдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган регламентга амал қилиш лозим.







