Спорт | 20:43 / 29.09.2019
25573
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Муродов: «Мейвезердек дўстим борлигидан фахрланаман»

Ўнгдан иккинчи - Муродов, ўртада - Мейвезер / Фото: Instagram

Яккакураш жангчиси Маҳмуд Муродов мутлақ жангчилик чемпионатидаги дебют жангидан сўнг журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистоннинг UFC`даги илк вакили бўлгани ва Флойд Мейвезер билан муносабатлари каби мавзуларда фикр билдирди.

«Бу – тарихий онлар. Мен UFC`даги илк ўзбекистонлик бўлдим. Иккита мамлакат – Чехия Республикаси ва Ўзбекистон номидан баҳсларда қатнашаман», – деди у.

Муродов кеча Копенҳагенда италиялик Алессио ди Кирикони мағлуб этди. У машҳур америкалик боксчи Флойд Мейвезернинг «The Monkey Team» жамоаси билан шартнома тузган илк MMA жангчиси саналади.

«Флойд Мейвезер – менинг дўстим, ҳомийим, оилам аъзоси саналади. У менга кўп ёрдам беради. Унингдек дўстим борлигидан фахрланаман. Мен, оилам ва жамоамиз аъзолари уни жуда ҳурмат қиламиз. У – жаҳондаги энг яхши жангчи. У UFC`да шартнома имзолашимга катта ёрдам берди», – дея Мейвезер билан муносабатлари ҳақида тўхталди Муродов. 

Маҳмуд, шунингдек, дебют жангида ўз салоҳиятини тўла кўрсата олмагани, бунинг учун 2-3 ой вақт кераклигини, UFC шартномасини имзолаганига эса икки ҳафтагина бўлганини ҳам айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда, унга қўшни давлатларда, Россияда мухлисларим кўп. Ўзбекистонга борганимда мени аэропортда тахминан 500 киши кутиб олади. Ойим кўриб турибди, мухлисларим кузатишяпти – ўз устимда ишлашим керак», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Муродов аввал Европанинг Oktagon ва XFN лигаларида иштирок этган.

Мавзуга оид