«Ўзбек аёлларининг тандирда нон ёпишини кўриб, лол қолдим» - Казерта шаҳри ҳокими маслаҳатчиси
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида ўтказилаётган биринчи халқаро «Анор» агрофестивали доирасида Шаҳрисабз ва Италиянинг Казерта шаҳарлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш, туризм соҳасида ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида икки кент вакиллари иштирокида меморандум имзоланди.
Ушбу нуфузли тадбирда қатнашаётган “Kun.uz” мухбирининг хабар беришича, Казерта шаҳридан келган ўн нафардан иборат делегация вакиллари ҳам бир неча кундан бери бўлаётган фестивал мобайнидаги барча тадбирларда иштирок этяпти.
Казерта шаҳри ҳам Шаҳрисабз сингари ўзининг тарихий обидалари ва маданияти билан Италиянинг йирик туристик ҳудуди ҳисобланади. Шаҳар марказида XVIII асрда бунёд этилган Наполитен қироллик саройи бетакрорлиги ва архитектура жиҳатидан ҳалигача сайёҳларни ўзига мафтун қилиб келмоқда.
«Август ойида Казерта шаҳрига Ўзбекистон делегацияси таркибида ташриф буюриб, ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида битим имзоланишига келишиб олган эдик. «Анор» фестивали эса иккала тарихий шаҳарларнинг туризм борасидаги муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги илк қадам бўлди. Келгусида Италиянинг бошқа шаҳарлари билан ҳам келишувлар олиб бориш ниятидамиз», деди Қашқадарё вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов.
Казерта шаҳри ҳокими маслаҳатчиси Жанлука Ианнуччи ҳам фестивалдан олаётган таассуротларини сўзлаб берди:
«Марказий Осиё юраги ҳисобланган Ўзбекистон ҳақида интернет орқали маълумотга эга бўлсам-да, аммо бу ерга келишни кўпдан буён ният қилардим. Юртингизга амалга оширган илк ташрифимдаги таассуротларим чексиз. Варганза қишлоғининг анорлари, гўзал табиати ва одамларнинг меҳрибонлиги унутилмас хотирага айланди.
Бу қишлоқда яшовчи ўзбек аёлларининг тандирда нон ёпишига гувоҳ бўлиб, очиғи лол қолдим. Таъми ҳам мазали экан. Шаҳрисабз ва Китоб туманларидан олган хулосаларим, хотираларимни албатта, италияликларга сўзлаб бераман. Ўзбекистонга тез-тез келишни дилимга тугиб қўйдим».