Ўзбекистон | 23:37 / 30.09.2019
7568
4 дақиқада ўқилади

Миллий археология маркази ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 21 сентябрда “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилганди. 

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида Миллий археология маркази давлат муассасаси шаклида ташкил этилди. Шунингдек, Фанлар академиясининг Археологик тадқиқотлар институти негизида Марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиали шаклидаги Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ташкил этилди.

Миллий археология марказининг асосий вазифалари қуйидагилар қилиб белгиланди:  

  • республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш ва археологик изланишларда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини кенг қўллаш;
  • инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда комплекс археологик экспедицияларни соҳа таълими амалиёти билан боғлаб ташкил этиш;
  • археология соҳасида етук илмий кадрлар тайёрлаш;
  • археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш;
  • археологик тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг археология йўналишида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи-олимлар билан қўшма археологик экспедицияларни тизимли ташкил қилиш;
  • археологик тадқиқотларга оид халқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш ва хорижда археология бўйича ўтказиладиган илмий-амалий тадбирларда иштирок этиш;
  • тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатда археологик тадқиқотлар олиб борилиши зарур бўлган ҳудудий объектлар ягона маълумот банкини ҳамда уларнинг муаммолари бўйича ахборот базасини шакллантириш;
  • археологик тадқиқот натижаларини кенг оммага етказиш мақсадида мунтазам равишда илмий ва оммабоп китоблар, замонавий тадқиқот услублари сингдирилган ўқув қўлланма ва кўрсатмаларни нашр қилишни йўлга қўйиш;

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуаси фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш. 

Марказда фаолият юритадиган ходимлар сони энг кўпи билан 35 нафар қилиб белгиланди. Молия вазирлиги 3 йил давомида Марказ ходимлари сонини 80 нафаргача оширади. 

Марказ фаолияти Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган илмий-техник лойиҳалар танловларининг натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Марказга археологик тадқиқотларни ўтказиш учун дронлар сотиб олинишида кўмак кўрсатилади. 2 млн долларлик ҳомийлик маблағлари ҳисобига “Биоархеология” ва “Ландшафт археологияси” лабораторияларида замонавий илмий ускуналар ўрнатилади.

2020 йилдан бошлаб, ҳар йили 1 майга қадар «Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар» йиллик тўплами чоп этиб борилади. Ундан Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб боришга рухсати бор археологларнинг илмий ҳисоботлари жой олади.

Наманган вилояти ҳокимлиги 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Ахсикент ёдгорлиги асосида кенг халқ оммасига тарих билимини тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида «Ўтмишга саёҳат» халқаро тарихий-маданий фестивалини ўтказади.

Мавзуга оид