Ўзбекистонлик олимлар Европа тиббий онкология жамиятининг халқаро конгрессида илк бор маъруза қилишди
Барселона шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тиббий онкология жамияти конгрессида Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўз йўналиши бўйича халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли тадбир дунёнинг юздан ошиқ давлатидан ўттиз минг нафардан зиёд таниқли онколог олимлар, шифокорларни бир даврага жамлаган.
«Мазкур халқаро конгресс ташкилотчиси Европа тиббий онкология жамияти (ESMO) ўз сафига онкология, гематология, патоморфология, кимё ва нур терапияси каби соҳалар бўйича олимлари ва малакали шифокорларни жамлаган дунёдаги етакчи ташкилотдир. Унинг қаторида мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари ҳам борлиги илм-фанимиз ва тиббиётимизнинг ўзига хос салоҳиятидан далолатдир. Ўзбекистон онкологлари ушбу нуфузли халқаро ташкилотга 2017 йили аъзо бўлган.
Мазкур халқаро ташкилот томонидан ташкил этилган халқаро конгресснинг кун тартиби жуда қизиқарли ва мазмунли руҳда ўтмоқда. Жумладан, йирик халқаро тадбир доирасида замонавий онкологиянинг долзарб масалалари бўйича қатор анжуман, мулоқот ва маҳорат дарслари ташкил этиляпти. Уларда олимлар, шифокорлар, мутахассислар, ёш тадқиқотчилар кейинги йилларда илм-фан ва технологиялар бўйича эришилаётган муҳим ихтиролар, илмий-амалий янгиликлар, шу билан бирга, тиббиёт олдида турган устувор вазифалар бўйича тажриба алмашмоқда.
Мазкур нуфузли халқаро конгресс доирасидаги анжуманларда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам илк бора сўзга чиқиб, мамлакатимиз онкология хизматининг бугунги ҳолати, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан тақдимот ўтказишди. Олимларимизнинг ушбу чиқиши хорижлик мутахассислар томонидан қизғин кутиб олинди ва юртимизда онкология хизматини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов ўз чиқишида таъкидлаганидек, дунёда ҳар йили 15 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Ўзбекистонда эса 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори доирасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг бевосита бошчилигида сўнгги уч йил ичида тиббиётнинг барча бўғинлари каби онкология хизматини тубдан такомиллаштириш, бу йўналишда халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда онкологик касалликларни ташхис қилиш ва даволашнинг замонавий стандартлари клиник амалиётга татбиқ этилган.
Шу билан бирга, онкологик касалликларни даволашда юқори технологияли операция усулларидан ҳам самарали фойдаланиляпти. Буйрак саратонида видеолапораскопик нефрэктомия, буйрак резекцияси, қовуқ саратонида радикал цистэктомия, бачадон саратонида гистерэктомия, тўғри ва йўғон ичак саратонида лапароскопик резекция каби замонавий операциялар бунга мисолдир. Шунингдек, нур терапия соҳасида брахитерапия, стереотактик радиожарроҳлик нур терапияси каби янгича услублар кириб келгани инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлаётир. Кейинги йилларда онкология муассасаларини давлат бюджетидан дори-дармон билан таъминлаш кўрсаткичи яхшиланди ва 90-95 фоизга етказилди.
Тиббиётимизнинг бундай муҳим ютуқларида халқаро алоқалар ривожланиб боришининг ўрни беқиёс. Ҳозирги кунда олимларимиз ва шифокорлар бу йўналишда дунёнинг тиббиёти тараққий этган қатор йирик илмий-амалий марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар йил эллик нафардан кўпроқ онколог мутахассислар Россия, АҚШ, Корея, Туркия, Польша, Ҳиндистон, Беларусь ва бошқа хорижий давлатларнинг етакчи илмий-амалий тиббиёт марказларида малака ошириб келмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
11:00 / 15.10.2024
Ўзбекистон ва Венгрия саратон касаллигини даволаш соҳасида ҳамкорлик қилади
20:54 / 05.06.2024
“Далилларга асосланган ҳаракат” – Ўзбекистонда илк марта болалар онкологияси ва гематологияси бўйича халқаро конгресс ўтказилмоқда
08:32 / 29.05.2024
Ўзбекистонга россиялик педиатрия ва онкология соҳаси мутахассислари юборилади
19:11 / 23.05.2024