“Далилларга асосланган ҳаракат” – Ўзбекистонда илк марта болалар онкологияси ва гематологияси бўйича халқаро конгресс ўтказилмоқда
Ўзбекистонда йилига 26 мингдан зиёд одамда хавфли ўсма касаллиги аниқланса, бунинг 3,5 фоизи болалар ҳиссасига тўғри келади. Бундай болаларнинг саратондан омон қолиш кўрсаткичини 60 фоизга етказиш, саратонни эрта босқичда аниқлашни 65 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тошкентда 5-7 июн кунлари “Далилларга асосланган ҳаракат” мавзусидаги болалар онкологияси ва гематологияси бўйича I халқаро конгресс ўтказилмоқда.
Конгресс Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ЖССТ, Халқаро болалар онкологияси жамияти, Европа онкология мактаби билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
Конгресс 300 дан зиёд иштирокчи, шу жумладан ЖССТ, Халқаро болалар онкологлари жамияти, Европа онкологлар мактаби, хорижий университет клиникалари ва етакчи тиббиёт марказлари раҳбарлари, халқаро ва миллий илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини тўплади.
Конгрессда қатнашган Замин фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ўз нутқида "бу ерга биз ягона мақсадни кўзлаб, ўғил-қизларимизнинг ҳаётига зомин бўлаётган энг оғир касалликлардан бирини енгиш учун йиғилдик. Ҳар бир бола яшашга ҳақлидир. Болалар келажакда соғлом бўлиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни ишга солиш бизнинг бурчимиздир", деб таъкидлади.
Болалар онкологияси ва гематологияси тиббиётнинг энг мураккаб соҳаларидан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 0-19 ёшгача бўлган 400 минг нафарга яқин болалар ва ўсмирлар саратон касаллигига чалинади.
“ЖССТ халқаро миқёсда тиббиётга оид меёр ва стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бугунги конгресс доирасида Ўзбекистонга болалар онкологияси ва гемотологиясига оид энг яхши амалиёт, кўрсатмалар тақдим қилинмоқда.
Ғарб давлатларида болаларнинг саратондан тузалиш кўрсаткичи 80 фоизни ташкил қилади. Яъни саратонга чалинган болаларнинг 80 фоизи яшашда давом этади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 40 фоизга яқинни ташкил қилади. Биз бу кўрсаткични ўзимизда аллақачон мавжуд бўлган воситалар билан ошира оламиз.
Албатта, саратондан омон қолиш кўрсаткичи бирданига ошиб қолмайди. Бу узоқ муддат давомида содир бўладиган жараён ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар билан бирга амалга ошади.
Лекин фикримча, энг асосий ўзгариш одамларнинг турмуш тарзида бўлиши керак. Бу авлодлар алмашинуви даражасидаги вақтни олиши мумкин.
Лекин энг яхши тарафи буни амалга ошириш учун юқори даражада сиёсий қизиқишнинг борлигидир. Юқори даражадаги сиёсатчиларнинг бу мавзуга қизиқиши, уларнинг мажбурияти борлиги ўйланган режаларни амалга ошириш имконини беради”, деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили Asheena Khalakdina Kun.uz’га берган интерьвюсида.
Конгрессда маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга ошириш, саратонни эрта даврда аниқлаш кўрсаткичини 65 фоизга етказиш, бу касалликка чалинадиган ҳар 10 боладан 6 нафарининг ёруғ оламни тарк этмасликларига эришиш мақсад қилинган.
“Республикада бир йилда 26 мингдан зиёд одамда хавфли ўсма касаллиги аниқланса, ўрта ҳисобда бунинг 3,5 фоизи болалар ҳисобига тўғри келади.
Болаларда хавли ўсма касалликлари баъзи жиҳатдан катталарникидан фарқ қилади. Конгрессда болалар ўсма касалликларининг ўзига хосликлари ва уни даволаш бўйича соҳадаги кучли мутахассислар билан тажриба алмашиб, улар ишлатаётган замонавий даво чоралари ҳақида ўрганиш мақсад қилинган”, деб маълумот берди конгрессда қатнашаётган Республика болалар гемотологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази болалар жарроҳи Тожиддин Мустафоев.
Журналистлар билан суҳбатда Туркиядан келган профессор, болалар онко-гемотологияси соҳаси мутахассиси Мусо Каракукчу Туркиядаги болалар саратонини даволаш бўйича тажрибасини ўзбекистонлик мутахассислар билан бўлишиш мақсадида эканини айтди.
“2004/2005 йилларда, мен илк ассистентлик ишимни бошлаган даврда саратон билан оғриган болаларнинг омон қолиш кўрсаткичи 30 фоиз эди. Суяк илиги трансплатацияси амалиёти бошлангач бу кўрсаткич 90 фоизга чиқди.
Саратонни даволаш бўйича ҳар куни янги методлар фанга кириб келмоқда. Масалан, ҳозирги кунда ген билан боғлиқ даволаш усуллари оммалашяпти. Умид қиламизки, яқин келажакда кимё-терапия муолажаларидан бутунлай воз кечилади”, деди Мусо Каракукчу.
Конгрессда маълумот берилишича, Жиззах, Сурхондарё ва Қорақалпоғистон республикасида онко-гемотология соҳасида кадрларнинг кучли етишмовчилиги мавжуд. Айнан мутахассислар етишмовчилигининг олдини олиш учун соҳада кадрлар сонини ошириш, ўзбекистонлик мутахассисларни хориждаги нуфузли тиббий марказларда малака оширишини таъминлаш режа қилинган.
Бўлиб ўтаётган конгресс натижаси сифатида эса болалар онкологик ва гематологик касалликларини самарали даволашни таъминлаш учун унинг “Ҳаракатга рағбат” жамоавий декларацияси қабул қилиниши ва тарқатилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани
18:47 / 03.12.2024
Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди
20:40 / 28.11.2024