2019 йилнинг 27 сентябрь куни Вашингтон шаҳридаги Рональд Рейган номидаги Халқаро савдо марказида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Конгресс, Оқ уй, Хавфсизлик кенгаши, Давлат департаменти, мудофаа, савдо, қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ғазначилик, Савдо вакили офиси, Эксимбанк, Миссисипи штати миллий гвардияси, АҚШ ва Канаданинг йирик компаниялари, экспертлар, жамоатчилик ва таълим доиралари, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Вашингтондаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан АҚШда бўлган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакат делегацияси иштирок этди.

ТИВ раҳбари меҳмонларни қутлар экан, уларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эришилган мақсадлари, АҚШ билан ҳар томонлама ҳамкорликнинг ривожлантириш ҳолати ва икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни бундан кейин ҳам давом эттириш истиқболлари тўғрисида маълумот берди.

АҚШ ҳукумати номидан Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги билан табриклар экан, АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кертис Тошкент ва Вашингтон ўзаро дўстлик ва стратегик алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим натижаларга эришганини таъкидлади. «Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда жуда катта ўзгаришлар кузатилмоқда, - деди Лиза Кертис. – Биз янада кўпроқ очилаётган иқтисодиёт, ўзбек халқининг фаровонлигини оширишга қаратилган, президентнинг ўзи таъкидлаганидек қайтариб бўлмайдиган сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббусларига гувоҳ бўлмоқдамиз». У мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга АҚШ қатъиян содиқ эканлигини таъкидлади.

«Биз Ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш, касбий маҳоратини ривожлантириш ва бошқа кўплаб масалаларга - Жаҳон савдо ташкилотига киришдан бошлаб инглиз тилини ўқитиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган молиявий ва техник ёрдам дастурларини кенгайтирмоқдамиз», - қайд этди Лиза Кертис.

Савдо ҳажмини сезиларли даражада ошишига олиб келган Ўзбекистоннинг конструктив минтақавий сиёсатининг ютуқлари алоҳида таъкидланди. Оқ уй вакилининг баҳолашича, ўтган йил давомида кунига Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктидан ўтаётган транспорт воситалари сонининг 200 тадан 4 мингтага кўтарилиши бунга яққол мисолдир.