Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳукумат ва парламентга  Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома билан чиқди.

Йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилиниб келинди.

Натижада, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади.

Шу билан бирга, арзон уннинг катта қисми амалда аҳолининг тегишли қатламларига етиб бормасдан бозор нархларида сотилди, яъни қўйилган мақсад – аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимояси таъминланмади. Ўз навбатида донни қайта ишлаш корхоналарида ва савдо ташкилотларида суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Сўнгги уч йилда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилда республикамиз фермерлари томонидан 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 65 центнердан ошишига эришилди ҳамда давлат ресурсларига қўшимча 532 минг тонна ғалла қабул қилинди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бир тонна ғалланинг харид нархи 1 млн. 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ва ҳосилдорликдан келиб чиқиб 25 фоизгача устама ҳақ тўланиши натижасида ғалланинг ўртача нархи 1 млн. 420 минг сўмни ташкил этди. Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳосилдорлик ўсди ва фермерлар тарихда биринчи маротаба ўз меҳнати самарасини кўрдилар.

Лекин, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда, бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяптилар.

Бунинг сабаби дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни Ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотишлари билан изоҳлашмоқдалар. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли, фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяптилар.