Жаҳон | 10:53 / 01.09.2022
10060
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон дон ва ун экспортига қўйилган чекловни олиб ташлади

Айни пайтда, мамлакатда чорва молларини олиб чиқиш учун квоталар жорий этилмоқда.

Фото: 123RF

Қозоғистон дон ва ун экспортига қўйилган чекловларни олиб ташлаш ҳамда қорамол ва майда шохли чорва экспорти учун квота белгилашга қарор қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс» мамлакат бош вазири сайтига таяниб.

Тегишли қарор чоршанба куни Қозоғистоннинг ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотлар (ХИТ)да иштирок этиш бўйича идоралараро комиссияси йиғилишида қабул қилинди.

«Жорий йилда 13 миллион тоннадан ортиқ буғдой ҳосили кутиляпти, бу ўтган йилдан 12 фоизга кўпдир. Ички истеъмол учун тахминан 6,5 миллион тонна талаб қилинади. Буғдой ва меслин, буғдой унини экспорт қилиш бўйича миқдорий чекловлар (квоталар)ни бекор қилиш мақсадга мувофиқ. Ҳар томонлама муҳокама якунлари бўйича 2022 йил 10 сентябрдан бошлаб дон ва ун экспортига қўйилган чекловларни олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди», дейилади хабарда.

Хабар берилишича, ушбу чеклов Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан 2022 йил 8 июлдан 30 сентябргача бўлган муддатга киритилган.

Йиғилишда наслдор чорва молларидан ташқари, йирик қорамол ва майда шохли чорвани экспорт қилишда миқдорий чекловлар (квота) белгилаш ҳам маъқулланди.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йил 1 август ҳолатига Қозоғистонда қорамол сони 9,4 миллион бош, жумладан, сигир 4,5 миллион бош, наслли чорва 3,2 миллион бошни ташкил этган.

«60 минг бош ёки умумий чорва молларининг 9 фоизи, шунингдек, 120 минг ёки жами чорва молларининг 10 фоизи миқдорида бузоқларни экспорт қилиш учун квота белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади матбуот хабарномасида.

Қозоғистонда жорий йилнинг 21 январидан 21 июлига қадар қорамол ва майда шохли чорвани олиб чиқиб кетиш тақиқланган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид