Ўзбекистон | 16:10 / 03.10.2019
21170
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева кўриш имконияти чекланган болалар учун махсус компьютер марказини тақдим қилди

Тошкент шаҳридаги Кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан махсус компьютер маркази очилди.

Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ушбу лойиҳа мактаб ўқувчиларининг таълим олишида қулайликлар яратиб беришга мўлжалланган.

Марказнинг очилиш маросимида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ўринбосари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, болаларни янги қулайлик билан табриклади. Шунингдек, болаларга инсоният цивилизациясида алоҳида ўринга эга бўлган ва турли даврларда яшаган инсонлар ҳаёти ва қилган ишлари ҳақида маълумот бериб ўтди. Галилео Галилей, Иоган Себастьян Бах, Жозеф Пулитцер, Андреа Бочелли, Луи Брайль шулар жумласидан.

«Мен ҳаёти ҳақида қисқача ҳикоя қилган ушбу одамларни сиёсатчи, олим, композитор, артист бўлишларига қарамай битта нарса уларни бирлаштиради: ҳаммасининг кўриш билан боғлиқ муаммолари бўлган. Қайсидирлари билан бу ҳодиса туғилганлариданоқ, қайсилари биландир умр йўллари давомида содир бўлган. Лекин шундай бўлишига қарамай улар жуда катта ютуқларни қўлга киритишган ва қийинчилик одамни енга олмаслигини исботлаб қўйишган.

Андреа Бочелли таъкидлаганидек, «Ҳаётимиздаги ҳар қандай муҳим қадамни қўя олишимиз ўз хоҳишимизга боғлиқ». Шунинг учун сиз ҳам доимо ўзингизга ишонишингиз зарур. Чунки бутун дунё сизга ишонади», дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Унинг қўшимча қилишича, янги компьютер маркази болаларнинг яхши таълим олиб, ахборотни саралай олишларига ва энг муҳими, ҳаётда ўз ўринларини топишларига ёрдам бера олиш учун битта имкон бўлиши мумкин.

Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан маълумот берилишича, мактабга келтирилган компьютерларнинг барчаси кўриш қобилияти чекланган болалар учун максимал даражада мослаштирилган бўлиб, уларнинг экранларида махсус овозли интерфейслар билан ишлайдиган дастурлар мавжуд.

Болаларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида эса компьютерларга Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланаётган «Болалик кунларимда» лойиҳаси доирасидаги аудиоэртаклар жойлаштирилган.

«Ушбу компютерларда болалар билан ҳам дарс ўтишимиз, ҳам улардан кутубхона сифатида фойдаланишимиз мумкинлиги анча қулайлик яратади. Улар билан турли дастурларда ўқувчиларнинг ўзи эркин ишлаши  ҳам мумкин», - дейди мактаб информатика-математика фани ўқитувчиси Оқмурод Ўтамуродов.

Бундан ташқари, компьютер маркази очилиши якунида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов «Tashkent book fest -  2019» кўргазма-ярмаркаси давомида тақдимоти ўтказилган «Ўткан кунлар» аудиороманини ҳам мактабга совға сифатида топширди.

Мавзуга оид