Танлов сенда: ё cиёсатдан четда тур, ё тақдирингни ўзинг белгила
Кеча телевизорда Америка киноси бўлаётган экан. Ундаги қаҳрамон қўл остидаги ходим билан суҳбатда касбига жон куйдириб, ҳаётидаги энг муҳим кунларидан ҳам воз кечганини айтди:
«Мен сувости кемасида анча йиллик тажрибага эгаман. Касбимни севаман. Уни деб 4 марта президент сайловларига, бир неча бор қизимнинг туғилган кунига ҳам бормадим...» Калит сўз – сайлов.
Эътибор берган бўлсангиз, у ҳаётидаги энг муҳим кунларни санади. Америкада сайлов барчасидан устун туради. Аҳоли «Бу фуқаролик бурчим ва мен кейинги 4 йиллик тақдиримни ўзим белгилайман», деб президентлик сайловига боради. Бошқа сайловларга ҳам шундай муносабатда улар.
Шунга яраша, партиялар сайловларга алоҳида тайёргарлик кўради. Давлат ва маҳаллий ҳокимликлар ҳам уларнинг ишига аралашмайди. Ноқонуний аралашгани ёки аралашмоқчи бўлгани эса ўз вақтида жазоланади.
Уларда биздаги каби «ким сайланиши маълум-ку» деган тушунча йўқ. Сайлов кампанияси бошлангач, ҳамма у билан банд бўлади. Оммавий ахборот воситалари партиялар учун эркин «жанг» платформасига айланади. Телевидение каналларини алмаштираверасиз, демократлар ва республикачилар бир-бирини сўзлар орқали «ғажиб» ташлаётганини кўраверасиз. Улар оммани ўзига қаратиш билан банд бўлади. Ҳар хил шоулар берилади. Ҳаммаси чинакамига шаффоф бўлади ва барчаси фуқаро учун қизиқ туюлади.
Фуқаро ўзига-ўзи «мен ҳам сиёсатнинг таркибий қисмиман, мен фаол бўлишим керак», дейди. Бизда эса бирор гап айтсангиз, «сиёсатга аралашма, тинч тур болам», деган гаплар урчиб туради. Улар-чи, Конгрессдаги жойнинг қадрини бойликлардан устун кўришади. Қанча кўп номзодингиз креслоларни эгалласа, сиз давлатни бошқарасиз. Улар орқали таклифлар берасиз. Содда қилиб айтсак, вакилингиз орқали қонунчилик сизнинг қўлингизда бўлади. Ислоҳотларни сиз амалга оширасиз. Ҳа, ҳа, партиянгиз Американи бошқаради.
Куни кеча Марказий сайлов комиссияси аъзоси, сиёсатчи ва журналист Шерзод Қудратхўжаев билан журналист ва блогерлар ўртасида сайлов ишларини ташкил этиш бўйича очиқ суҳбат ўтказилди. Расмийликдан қочилди ва иштирокчилар керакли таклифларни бериб ўтди.
Суҳбатда журналист, блогер Элдар Асанов ва Kun.uz журналисти Баҳодир Аҳмедовлар партия номзодлари сайловчилар билан учрашувларга борганда расмийликдан узоқлашиши кераклиги, мақсадларини оддий халқона тилда тушунтириши лозимлиги, халқ костюм-шимли ваъдабозлардан чинакамига зерикканини билдиришди.
Халқаро матбуот маркази вакили эса журналист ва блогерлар учун сайловларда кузатувчи сифатида қатнашиш очиқ бўлиши, натижаларни ҳисоблашда ҳам холис сифатида қатнашиши муҳим натижа бериши мумкинлигини тушунтирди.
Qalampir.uz сайти асосчиси Қамариддин Шайхов биздаги сайловларни Туркияга қиёслаб, бир қатор камчиликларни санади. Партиялар ОАВларда дебат майдонларини ташкил қилиши зарурлигини айтди.
Журналист Жаҳонгир Мардонов эса депутат ижтимоий муаммоларни ҳал қилувчи эмас, қонунчиликда ташаббус кўрсатувчи ҳақиқий кучга айланиши лозимлиги ҳақида гапирди.
Тан олиш керак, биздаги партиялар 4 йил-у 9 ой фаоллик кўрсатмай, 3 ойда югуриб-елиб қолишади. Ёки шу вақт ичида қилаётган ишларини очиқ кўрсатиб бера олишмайди.
Бу усул ярамайди. Ҳар хил бюрократик йиғилишлар, сочни ёнга тараб қоғоздаги тайёр ёзилган матнни ўқиб беришлардан қочиш керак.
Партиямисиз? Йил бўйи фаол бўлинг. «Кутинг, кутинг» билан ҳам одамлар зерикиб кетади. Мақсадлар аниқ белгиланиши зарур. Менимча, катта ваъдалардан қочиб, барча ташкилотлардан мустақил бўлган ташкилотга айланиш вақти келди.
Президент Шавкат Мирзиёев чиқишларидан бирида парламентни танқид қилиб, мустақилликнинг илк йилларидаги Олий Кенгашда бўлган тортишувларни мисол келтирганди. Нега? Чунки ўша вақтда Шавкат Мирзиёев депутат эди ва ҳақиқатда жонли парламентга шахсан гувоҳ бўлганди.
Давлат ҳозирги кунда профессионал, халқ дардини қўрқмай айта оладиган, янги ғояларга эга, дунёқараши кенг, демократик тамойилларга асосланиб фикрлайдиган депутатлардан шаклланган жонли парламентга муҳтож. Биз эса чинакамига тортишувлар уюштиришингиз учун эркин платформага айланишга тайёрмиз.
Шу ўринда, фуқаролар ҳам сайловларда фаол бўлиши, паспортини бомдод намозига масжидга чиққан бобосининг қўлига бериб, «ўзингиз бизнинг ўрнимизга белгилаб келинг» қабилида иш тутмаслиги лозим. Унутманг, агар ҳаммаси адолатли бўлса, сиз кейинги беш йиллик тақдирингизни белгилайсиз. Тақдирингизга эса бефарқ бўлманг.
Зафарбек Солижонов, журналист
Мавзуга оид
22:25 / 21.12.2019
«Сайловга ҳақиқий баҳони эртага берамиз» — халқаро кузатувчилар фикри
19:37 / 21.12.2019
Эслатма: сайловчилар нималарни билиши лозим?
18:37 / 20.11.2019
Ўзбекистонда тезда ҳал қилиниши керак бўлган учта муҳим масала. Партия лидерлари қандай фикрда?
20:55 / 11.11.2019