Жумладан, Kun.uz бир муддат аввал партиялар раҳбарлари билан видеоинтервьюлар ташкил этган эди. Бу гал партия лидерларига Ўзбекистон яқин йилларда ҳал қилиши керак бўлган учта муҳим масала ва уларнинг ечими ҳақидаги савол билан юзландик.

Наримон Умаров, «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси

Ривожланаётган Ўзбекистон олдида турган турли масалаларни энг муҳим учталик рейтингда баҳолаш – мураккаб иш. Шундай бўлса-да, партиямиз муҳим деб ҳисоблайдиган бир нечта масалалар ва уларнинг ечимлари борасида ўз фикрларимни билдираман.

1. Ишсизлик

Ўзбекистонда ҳар йили 600 мингдан ортиқ ишчи кучи меҳнат бозорига келиб қўшилмоқда. Уларни иш билан таъминлашни давлат олдида турган ўта долзарб вазифа деб биламан.

Ечим: Бу масалани фақатгина янги иш ўринларини яратиш, инновацияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиш, мавжуд корхоналарнинг инновацион базасини кенгайтириш орқалигина ечиш мумкин. Шунингдек, олий маълумотли кадрлар сонини икки бараварга кўпайтириш орқали ҳам катта ижобий натижага эришса бўлади.

2. Коррупция

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон коррупциялашган давлатлар рейтингида энг юқори ўринларда туради.

Ечим: Муаммонинг ечими сифатида суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, Тергов қўмитасини ташкил қилиш; аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган давлат дастурлари қабул қилиш ва унинг ижросини назоратга олишни кўраман.

3. Суд-ҳуқуқ тизими

Бу йўналишдаги муаммоларни бирма-бир санамайман, чунки тизимга нисбатан аҳолининг ишончи пастлигини яхши биласиз.

Ечим: Ишни аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган омилларни танқидий ўрганиш ва натижаларни давлат дастурига киритишдан бошлашимиз керак.